Ўзбекистон | 12:20 / 23.08.2019
6644
2 дақиқада ўқилади

Танзила Норбоева: «Давлат ва жамият ривожига ижобий таъсир кўрсатмаётган қонунларни маъқуллаш амалиётидан воз кечиш лозим»

Фото: KUN.UZ

Жойлардаги муаммолар, долзарб масалаларнинг ечими юзасидан депутатлик назоратининг йўлга қўйилишида камчиликлар ҳалигача сақланиб қолмоқда. Бу ҳақида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева 21-ялпи мажлисдаги нутқида тўхталиб ўтди.

Норбоеванинг таъкидлашича, ҳудудлардаги муаммоларни ҳал қилишда маҳаллий кенгаш депутатларининг ролини оширишда сенаторларнинг ҳам ўрни бор.

Сенат раиси маҳаллий кенгашлар фаолиятини тўғри йўлга қўйиш учун сенаторларнинг масъул эканлигини таъкидлар экан, уларнинг олдига бир неча вазифаларни қўйди.

«Аввало, амалга оширишнинг аниқ механизми мавжуд бўлмаган, давлат ва жамият ривожига ижобий таъсир кўрсата олмаётган умумий характердаги қонунларни маъқуллаш амалиётидан тўлиқ воз кечиш лозим. Шунингдек, ўтказиладиган ҳар бир назорат тадбирининг аниқ амалий натижалар билан якунланишига эришиш шарт.

Маҳаллий кенгашлар фаолиятини кучайтиришга кўмаклашиш нафақат Сенатнинг тегишли комиссияси, балки бошқа қўмита ва комиссиялари фаолиятининг ҳам устувор йўналишларидан бири бўлиши керак. Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлаш, олиб борилаётган ислоҳотлар тўғрисида жаҳон ҳамжамиятига холис ахборот етказиш амалиётини янада кучайтириш зарур», — дея Сенат раисининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Шу билан бирга, Танзила Норбоева ҳар бир сенатор эътибор қаратиш шарт бўлган асосий масалаларни санаб ўтди.

«Гендер тенглиги, хотин-қизлар ҳуқуқларининг тўлиқ рўёбга чиқишини таъминлаш, аҳоли, хусусан ёшларни иш билан таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш бўйича ишларда фаол иштирок этиш ҳар бир қўмита ва комиссия, сенаторнинг асосий вазифаларидан бўлиши шарт», — дейди раис.

Мавзуга оид