Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Яшил иқлим фонди Ўзбекистон учун грант манбалари ажратади
2019 йилнинг 19 август куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов бошчилигидаги делегация Сонгдо шаҳрида (Корея Республикаси) Яшил иқлим фонди (ЯИФ) ижрочи директори ўринбосари Хавьер Мансанарес билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда ТИВ хабар бермоқда.
ЯИФ раҳбарияти 2017-2019 йиллардаги Ўзбекистон билан ҳамкорлик якунларига ижобий баҳо берди. Хусусан, сўнгги йилларда Ўзбекистон ЯИФда аккредитация қилинган ташкилотлар билан биргаликда грант манбаларини жалб қилиш учун Фондга бир қанча ҳаётий ва ўта долзарб лойиҳаларни киритгани қайд этилди. Таъкидланганидек, қиймати 19 млн АҚШ долларига баҳоланган Ўзбекистон, Тожикистон ва Жаҳон банкининг биргаликдаги «Орол денгизи ҳавзасида иқлим ўзгаришига мослашиш ва унинг оқибатларини юмшатиш дастури» шу каби лойиҳалардан бири бўлди.
Учрашувда Орол фожиасининг оқибатлари глобал муаммони юзага келтириши эътироф этилди. Орол денгизига турли йилларда ташриф буюрган ва фожиа кўламини ўз кўзи билан кўрган БМТнинг собиқ ва ҳозирги раҳбарлари Пан Ги Мун ва Антониу Гуттериш сув ҳавзасининг йўқ бўлишини «давримизнинг энг катта экологик ҳалокати» деб баҳолаган эдилар.
«Ўзбекистонда иқлим ўзгаришига мослашиш учун табиий офатлар хавфини бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларга жавоб қайтариш» ва «Ўзбекистонда иқлимга мос келувчи мева-сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқаришни таъминлаш учун агрометеорологик хизматларни ривожлантириш» лойиҳаларини кўриб чиқиш ва тасдиқлашнинг бориши юзасидан фикр алмашилди.
Учрашувда келгусидаги ҳамкорликнинг кун тартиби келишиб олинди ва Ўзбекистон учун грант манбаларини ажратиш учун лойиҳа ҳужжатларини кўриб чиқиш жараёнининг процессуал жиҳатлари борасида маслаҳатлашувлар ўтказилди.
Ўзбекистон делегацияси бошлиғи Яшил иқлим фонди раҳбариятини 2019 йил 25 октябрда Нукус шаҳрида бўлиб ўтадиган Оролбўйини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилишга бағишланган БМТ шафелигидаги юқори даражадаги Халқаро конференцияда иштирок этишга таклиф этди.
Мавзуга оид
23:29 / 08.01.2026
АҚШ БМТ Яшил иқлим фондидан чиқди
23:00 / 08.10.2024
Путин ўзбекистонлик дипломат Илҳом Неъматовни орден билан тақдирлади
10:29 / 19.12.2020
Илҳом Неъматов МДҲ ижроия қўмитасида фаолият юритади
08:17 / 15.07.2020