Ташқи ишлар вазири ўринбосари Илҳом Неъматов Газета.uz’га берган интервьюсида Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатлари муносабатлари, қўшнилар ўртасидаги муаммолар, жумладан, сувдан фойдаланиш масалаларини ҳал қилиш ҳақидаги мулоҳазалари билан ўртоқлашган.

«Марказий Осиёдаги келишмовчиликнинг асосий сабаби муросанинг йўқлиги эди»

– 2016 йилга қадар шаклланган Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан мунособатлари барча масалаларни қатъий қайта кўриб чиқишни талаб қилар эди. Шу ўринда «Нима учун?» деган савол туғилади.

Чунки, кўп йиллик низолар, баъзида тўғри ёндашилганда оқилона ечимлар топса бўладиган масалалар бўйича «қарама-қаршиликлар» нафақат келишмовчиликларга, балки кўпинча чегараларда нохуш ҳодисаларга ҳам сабаб бўлган.

Келишмовчиликнинг асосий сабаби сувдан ва транспорт коммуникацияларидан фойдаланиш, Ўзбекистон ва қўшни давлатлар ўртасидаги давлат чегараларини делимитация қилиш ва чегара пунктларини кесиб ўтиш масалаларида муросанинг йўқлиги бўлган. Aсосий қарама-қаршилик, яна бир бор такрорлайман, муросанинг йўқлиги эди.

Эътибор берган бўлсангиз, президентимиз бундан икки йил муқаддам Тошкент вилояти фаоллари олдида қилган чиқишларида шундай деган эдилар: «Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида сўнгги 25 йил ичида тўпланган улкан муз бор. Бу муз эриши учун қўшни давлатлар билан ҳамкорликда кўпгина ишларни амалга оширишимизга тўғри келади».

«2016 йилга қадар бўлган муаммолар бугун бутунлай бартараф қилинди»

– Ўтган уч йил ичида, Ўзбекистон президентининг ташаббуси билан минтақанинг барча мамлакатлари билан юқори даражадаги ташрифлар амалга оширилди. Мазкур ташрифлар давомида Марказий Осиё мамлакатлари учун ўзаро манфаатли бўлган глобал масалалар бўйича қарор қабул қилинди: хавфсизлик, иқтисодиёт, инвестиция, маданият ва экология соҳаларида.

Натижада тарихан қисқа вақт ичида Ўзбекистон ва минтақа мамлакатлари ўртасидаги муносабатларнинг яхши томонга бурилишига сабаб бўлган улкан ўзгаришлар рўй берди. Яъни, бугун сизга ишонч билан Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари билан яхши муносабатларга эга эканлигимизни таъкидлай оламан. 2016 йилга қадар бўлган муаммолар бугун бутунлай бартараф қилинди. Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида 25 йил ичида шаклланган музлар шу уч йил ичида бутунлай эриди дейишимиз мумкин.