“Ер ресурсларидан самарали фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини ўрнатишда автоматлаштирилган ахборот тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

Қайд этилишича, ер ресурсларини муҳофазасига оид амалиёт таҳлили ушбу соҳада бир қатор тизимли муаммо ва камчиликлар мавжудлигини кўрсатган, хусусан:

биринчидан, ер ресурсларини муҳофазасига оид амалдаги қонунчилик нормаларида ваколатли давлат органларининг ҳуқуқларидан самарали фойдаланишга тўсқинлик қилувчи ҳуқуқий бўшлиқлар мавжудлиги жумладан, юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъектлари томонидан содир этилган ерга оид маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни махсус ваколатли органлар томонидан тўғридан-тўғри кўриб чиқиш механизми мавжуд эмаслиги;

иккинчидан, ерга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, ортиқча қоғозбозлик ва ҳисоботбозликка чек қўйилмаганлиги, ерларни муҳофаза қилишнинг таъсирчан механизмини қўллаш имкониятининг чекланганлиги, ер қонунбузилишларни узоқ муддатда кўриб чиқилиши тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларни ортиқча оворагарчилигига, айрим ушбу билан боғлиқ жараёнларда коррупцион ҳолатлар келиб чиқишига, ерга оид қонунбузилишларни кўплаб ва такроран содир этилишига, охир оқибат ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари қонуний ердан фойдаланувчисига қайтарилмасдан қолиб кетаётганлиги;

учинчидан, ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишни назорат қилиш бўйича махсус ваколатли орган - Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг давлат ер инспектори штат бирлигида фаолият кўрсатаётган ходимлар сонини чекланганлиги, ҳаттоки айрим туман ва шаҳарларда эса давлат ер инспектори штатлари умуман мавжуд эмаслиги, натижада ушбу ҳудудларда ер назоратини ташкил этиш имкони бўлмаётганлиги;

тўртинчидан, ер ресурсларини муҳофаза қилишда рағбатлантирувчи нормалар ва жамоатчилик таъсир чораларининг мавжуд эмаслиги, ерга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, шунингдек фуқароларга ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишда юксак ҳуқуқий маданият ва қонунга ҳурмат ҳиссини сингдириш борасидаги тарғибот-ташвиқот ишларининг етарли даражада эмаслиги;

бешинчидан, ердан фойдаланувчилар томонидан тупроқ унумдорлигини оширганлиги учун рағбатлантириш ёки аксинча тушириб юборганлик учун таъсирчан чораларни қўллаш механизмининг мавжуд эмаслиги;

олтинчидан, ерга оид қонун бузилишлар, уларни бартараф этиш ҳақидаги маълумотларни ҳамда айбдор шахсларни жавобгарлик масаласини кўриб чиқишда тезкорлик ва очиқликни таъминловчи замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ишлари қониқарсиз даражада эканлиги.