Kun.uz таҳририяти бугунги илм-фан муаммолари, тадқиқотчиларга яратилган шароитлар, тизим муаммолари, инновацион лойиҳалар ва уларнинг амалий аҳамияти ҳақида туркум суҳбатларини давом эттиради. Навбатдаги суҳбатдошимиз физика-математика фанлари номзоди Эркинжон Каримов бўлди. Эркинжон Каримов жаҳон илмий жамоатчилиги эътирофига сазовор бўлган ўзбекистонлик таниқли олимлардан ҳисобланади. Ҳозирда ЎзФА Математика институти катта илмий ходими сифатида ишлаб келмоқда.

— Илмий фаолиятингиз сабаб чет элда кўп бўласиз. У жойларда Фанлар академияси тизими қандай йўлга қўйилган?

— Икки қитъадан мисол келтираман. Бири Европада жойлашган Австрия Фанлар академияси бўлса, иккинчиси Осиёнинг лидер давлати - Хитой Фанлар академиясидир.

Австрия ФА 1847 йилда ташкил топган бўлиб, ҳозирда 28та илмий тадқиқот институтини ўз ичига олган ва 1500дан ортиқ олимлар фаолиятини молиялаштирадиган, координация қиладиган катта ташкилотдир. Молиялаш асосан давлат ҳисобидан бўлиб, илмий тадқиқот институтлари илм-фаннинг замонавий тенденцияларига қараб тадқиқот йўналишларини ўзгартириб туради. Бу узлуксиз жараён ва унда ёш олимлар муҳим рол ўйнайди. Янги йўналишларни ўзлаштириш учун олимларни ойлик маошлари сақланган ҳолда узоқ муддатли стажировкалардан фойдаланишади. Академиянинг йиллик бюджети 100 млн евродан ортиқ. Яна бир эътиборга молик жиҳати «кучли мия»лар учун алоҳида дастурлар ишлаб чиқилган ва яхши молияланади. Бу дастурлар ичига аёл олимларни қўллаб-қувватлаш ҳам киради.

Хитой ФАга келадиган бўлсак, бу ташкилот 1949 йилда мавжуд илмий тадқиқот институтлари негизида ташкил топган. Кўп ўтмай дунёнинг турли илмий марказларида фаолият юритувчи 200 нафар хитойлик олимнинг ватанга қайтиши ва ФАнинг фаннинг замонавий йўналишларида фаолият юритиши бунда катта рол ўйнаган. ХФА Хитойнинг ривожланиш динамикасида муҳим рол ўйнайди. 100дан ортиқ илмий текшириш институтлари, 5та университет ва турли марказлар, 20дан ортиқ турли ҳолдинг компанияларни ўз ичига олган ХФА нафақат Хитой, балки дунёнинг бошқа мамлакатларига ҳам фан ва технологиялар соҳасида мутахассис кадрлар етиштириб беришда олдинги ўринларда турибди.

ХФАнинг ўзига хос жиҳатлари кўп, жумладан, илмий текшириш институтлари учун кадрлар етиштириб бериш борасида самарали тизим йўлга қўйилган. ХФА университетининг (University of Chinese Academy of Sciences) ўзи 44 мингдан ортиқ магистрант ва PhD’лар замонавий билим олишларига шароит яратиш билан бирга, бевосита ФА илмий-тадқиқот институтларида олинган билимларни тажриба орқали мустаҳкамлашларини таъминлаяпти. Бу университетда 1000 нафардан ортиқ халқаро талабалар ҳам таҳсил олади. Бундан ташқари, 600дан ортиқ бакалавр босқичидаги талабалар ҳам борлиги, университет кадрлар тайёрлаш даражасини борган сари мукаммаллаштириб бораётганидан дарак беради.