Бу йил 1,5 миллионга яқин абитуриент олий таълим олиш учун хужжат топширди. Қабул қилинадигани – тахминан 150 минг. Бундан ташқари, кунда-кунора рекламаларга кўзимиз тушмоқда: Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистондаги ОТМлар ҳам ўзбек ёшларини «овлашга» тушиб кетди.
Хабарингиз бор, жорий йил аввалида қўшни давлатларда ўқиётганларни қайтариш бўйича (шошилинч қилинган бўлса-да) яхши қарор қабул қилинди. Ижрони яхши эплолмадик, назаримда. Унданам ачинарлиси, юртдошларга бир ёлғон умид бериб қўйдик. «Бу йил қўшни давлатда ўқиб турсак, кейинги йили ўзимизга кўчириб оламиз», деб имтиҳонсиз қабул қилаётган турли қўшни давлатлар университетларига ўқишга кираётган юртдошларимиз сони кундан кунга кўпаймоқда.
Ҳар бир талаба бўлиш орзусидаги юртдошимиз 1000 доллардан тўлов қилса ҳам, 100 минг одам қўшни давлатда ўқиган тақдирда 100 млн долларни шундоқ қўшни давлатларга чиқариб беряпмиз. Имтиҳонсиз қабулни реклама қилаëтган ОТМларда таълим сифати юқори бўлса ҳам майли эди.
Мен ҳозир ўқишга кира олмаганларнинг 1/10 қисми ҳақида гапирдим, холос. Рақам 5 баробар ëки унданам ҳам кўп бўлиши мумкин. Шунда фақат ўқиш тўлови учунгина ярим миллиард долларни «совға» қилаётган бўламизми?
Ваҳоланки, бу йил аксарият университетлар онлайн таълим бермоқчи. Ҳали юртдошларимиз у университетларга бориб ўқишни бошласа, қанча маблағлар четга оқиб кетишини тасаввур қилаверинг. Минг азоб билан топилган бу пуллар олий таълимни ташкил қилишни эплолмаганимиз сабабли яна четга чиқиб кетавериши устида, албатта, масъуллар бош қотириши шарт.
Хўш, нима қилишимиз керак?
Аввало, хусусий ОТМлар очилиши ва фаолият юритиши учун ягона қонун яратилиши шарт. Турли қонуности ҳужжатлари орқали бир тўда шахслар томонидан бу жараëн манипуляция қилинишига йўл қўйилмаслиги лозим. Ҳар бир хусусий университет учун Вазирлар Маҳкамаси қарори чиқарилиб, шубҳали тарзда ерлар, бинолар берилиши тўхтатилиши зарур.
Биз айни пайтда хусусий ОТМлар учун жуда ҳам жозибадор бозормиз. Барча учун баробар ишлайдиган қонуний асос яратишнинг ўзи кифоя.














