Уммон султонлигининг Султон Қабус университетида илмий сафарда бўлиб турган олим суҳбат давомида илм-фанга берилаётган эътибор, хусусан, математика фани ривожига бўлган ижобий ўзгаришларга муносабат билдирди.

Шунингдек, у илм ва таълимдаги мавжуд муаммоларга ҳам тўхталиб, уларни ҳал этишда нореал усуллардан фойдаланмаслик зарурлигини айтиб ўтди.

– Қаратилаётган эътибор натижасида илм-фанга муносабат ва ёндашув ўзгаряптими?

– Албатта, ўзгариш бор. Аввало, президент шахсан ажратиб таъкидлагани учун математикага барча даражадаги амалдорларнинг муносабати ўзгарди. Ёндашув эса аста-аста шаклланяпти.

Инновацион ривожланиш вазирлигидаги масъуллар бу борада юртимизнинг барча даражадаги математиклари билан мулоқотга киришган. Улардан мамлакатимизда математикани ривожлантириш бўйича таклифларни олишмоқда, махсус ишчи гуруҳлар бу таклифларни саралаш бўйича иш олиб бораётганига гувоҳман. Яқин орада бунинг натижаларини кўриб қолсак керак.

Бу борада қилиниши керак бўлган ишлар кўп. Вақт тиғиз деб шошилинч равишда хулосалар қилиш ярамайди. Шу сабабли қандайдир нореал муддатлар қўйиб, турли «йўл хариталари» ишлаб чиқишдан узоқроқ бўлган маъқул деб ўйлайман.

Энди умуман, илм-фанга бўлган эътиборни, бу борада қилинаётган ўзгаришлар ҳақида гапирсак, динамика етарли эмасдек туюляпти.

Президент барча жабҳаларда, жумладан, иқтисодиётда ҳам илм-фан ютуқларидан самарали фойдаланишни талаб қиляпти. Олинаётган илмий натижаларни тижоратлаштириш вазифалари қўйиляпти.

Манфаатдор вазирликларнинг масъуллари ЎзФА илмий-текшириш институти ходимлари билан шахсан учрашувлар ташкил қилаётгани ҳақида ОАВларда кўп ўқияпман. Ижро ҳокимияти олимлар томон қадам ташлагандек, лекин барча илмий текшириш институтларида ҳам тижоратлаштиришга, амалиётга татбиқ этиш учун тайёр, жаҳон миқёсида рақобатбардош ишланмалар борми? Бунга аксарият ҳолларда ҳа деб жавоб бера олмаймиз.

Лекин тайёр ишланмаларниям етарлича самарали тижоратлаштириш механизмида ҳам нуқсонлар бор. Бу – бюрократик характердаги тўсиқлар, давлат корхона-ташкилотларидаги эскича муносабат ҳамда баъзи ҳолларда коррупцион манфаатлар кўринишида намоён бўлаётгани ачинарли ҳол. Бунда энди олимларнинг айби йўқлиги аниқ.

Хуллас, икки томонда ҳам самарали ҳамкорлик йўлида қиладиган ишлар кўп. ЎзФА таркибидаги илмий тадқиқот институтларининг бюджет таъминотига ўтказилиши бу жараёнга яхшигина ижобий туртки беради деб ўйлайман. Давлат учун долзарб бўлган йўналишларда илмий-тадқиқотлар олиб бориш, илмий натижаларни самарали тижоратлаштириш натижасида давлат илм-фанга ажратадиган маблағлар тўлиқ ўзини оқлай бошлайди. Бошида бундай бўлмаслиги аниқ, чунки ҳали илмий-тадқиқот институтларимиз замонавий лаборатория жиҳозларига эга бўлиши, малакали мутахассисларни тайёрлаб улгуриши, ҳозирда фаолият олиб бораётган илмий ходимларнинг илмий йўналишларини ўзгартиришларига ҳам вақт, ҳам молиявий маблағ зарур бўлади. Асосийси – шу жараённи тўғри йўлга қўйиб олиш.