Дам олиш кунлари Испания чемпионатида 2-тур учрашувлари ўтказилди. 

«Реал» — «Вальядолид» — 1:1 (0:0)
Голлар: Бензема, 82 (1:0). Гвардиола, 88 (1:1).
«Реал» – Куртуа, Карвахаль, Варан, Рамос, Марсело, Каземиро, Бэйл, Хамес (Винисиус Жуниор, 57), Кроос, Иско (Йович, 68), Бензема (Васкес, 89).
«Вальядолид» – Масип, Мойяно (Вальдо Рубио, 59), Оливас, Салису, Начо Мартинес, Порро (Антоньито, 80), Мичел, Сан-Эметерио (Ануар, 84), Плано, Гвардиола, Унал.
Огоҳлантиришлар: Сан-Эметерио (33), Кроос (73), Каземиро (90), Вальдо Рубио (90).

Мавсумлар оралиғида «Реал» ортиқча футболчиларидан қутулиши керакдек кўринаётганди, аммо янги келганлар бирин-кетин жароҳат олишди ва жамоа яна ўтган мавсумдаги таркиб билан қолди, Зинедин Зидан ҳам энди биринчи навбатда бошқа нарсалар ҳақида қайғуриши керак. Мадридликлар жамоаси аввалги каби қарши ҳужумларда ажойиб ҳаракат қилмоқда, аммо позицион ҳужумларда аҳвол яхши эмас. «Қаймоқранглилар» бу борадаги муаммоларни ҳал этиш учун Азарни сафга қўшиб олишди, аммо бельгиялик футболчи дебют қилишга улгурмасдан сафдан чиқди, жамоанинг мияси ва дирижёр ҳисобланмиш Модрич эса дисквалификация туфайли иккинчи тур ўйинида қатнаша олмади. Паслар узатиш учун очиқ зоналарни излаш, тўпни олдинга олиб бориш ва «Вальядолид» автобусини бузиб ўтиш учун ҳеч ким йўқ эди.

Биринчи тур ўйинида бошланғич таркибда майдонга тушган Винисиус позицион ҳужумларни уюштира олмади. Зидан ушбу бразилиялик футболчи фақат эркин ўйинчи сифатида фойдали бўлишини англаган ҳолда уни захирада қолдирди. Ўйинда Модрич тимсолидаги ижодкор йўқлиги туфайли мураббий майдонга илк дақиқаларданоқ икки нафар ҳужумкор яримҳимоячи билан ҳаракат қилди: сўнгги марта клуб сафида 833 кун муқаддам майдонга тушган ва «Реал» сотиб юборишнинг иложини қила олмаган Хамес ҳамда ақлли, дриблингги зўр, лекин беқарор Иско. Кроос билан бирга бу икки футболчи мезбонлар ўйинига ранг-баранглик бағишлаши лозим эди. Амалда эса бу футболчилар доимий равишда жарима майдонидаги Бенземага тўп узатиш билан шуғулланишди - бу эса позицион ҳужумдаги энг зўр тактика эмасди.

«Вальядолид» эса ўзининг асосий кузирларидан унумли фойдалана олди. Серхио Гонсалес жамоасида бундай кузирлар атиги иккита: омад ва сабр. Ўтган турда ҳам «Бетис»га қарши ўйинда «Вальядолид»нинг омади келганди, ўшанда рақиб дарвозабони Жоэль Роблеснинг 8-дақиқасидаёқ майдондан четлатилиши якунда сондаги устунлик эвазига 2:1 ҳисобидаги ғалабага эришилганди. «Реал» эса биринчи турда бир киши кам бўлиб ўйнаб «Сельта»ни мағлуб этган, Модрич қизил карточка олгани мадридликлар фойдасига ишлаган — «Сельта» ҳужумга ўтиб кетавериши туфайли голлар ўтказиб юборганди.