Навбатдаги Жаҳон чемпионати саралаши олдидан ЎФА анжуманлар залида Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Эктор Купер журналистлар саволларига жавоб берди. Анжуман тафсилотларини Tribuna.uz мухбири келтириб ўтди.
– Ёзда Африка Миллатлар кубогида эксперт бўлиб ишлаб, кейин таътилга чиқиб кетдингиз. Ваҳоланки бу вақтда Суперлига, Ўзбекистон кубоги ва лига кубогида жуда кўплаб ўйинлар бўлиб ўтди.
– Тўғри, мен баъзи ўйинларни ўтказиб юбордим. Лекин таътил бўлмаганида бу ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин эди. Лекин яхши савол бердингиз. Таътил вақти баъзи ўйинларга тўғри келиб қолди ва биз Лига кубоги ўйинларини ўтказиб юбордик, лекин чемпионатда мен кузата олмаган турлар жуда кам бўлди.
Чемпионатда биринчи давранинг охирги ўйинлари 26-27 июнда (асли 28-29 июнь – таҳр.) бўлиб ўтди ва иккинчи давра 25-26 июлларда (асли 26-27 июль – таҳр) бошланди. Мен 3 августда Ўзбекистонда эдим.
Федерацияда мендан бошқа мураббийлар ҳам кўп – Олимпия ва бошқа терма жамоалар мураббийлари бор. Агар қайсидир муҳим ўйинни ёки ўйинчини кузата олмай қолган бўлсак, уни бошқа мураббийлар кўради. Азиз Ҳайдаровнинг ўзи ҳам кузатади. У келиб менга айтади: «Шундай ўйинчи чиқди, зўр ўйинчи – Ўзбекистоннинг Мессиси, сизлар билмай қолдиларинг». Фақат мен баҳоласам-да, бошқалар маслаҳат бериб туришади.
Бу ҳолат Фаластин билан ўйинга салбий таъсир қиладими, деб ўйламайман. Таътилимнинг ҳеч қандай таъсири йўқ.

Қолаверса, ўтган матбуот анжуманида технологиялар ва шу асосда анализ қилиш ҳақида айтгандим. Бизда барча технологиялар бор. Стадионга бормасдан ўйинларни кўришимиз мумкин. «Стадиондан кўриш барибир бошқа», десангиз, аксинча – бу баъзида яхши. Чунки анализ пайти видеони тўхтатиб, кадрни ортга қайтариб кўришимиз мумкин, стадионда унақа кўра олмайсиз.
Таътилим терма жамоага таъсир қилади, деб ўйлайман. Чунки буни олдиндан баҳолаганмиз. Таътил муддатим бўйича биз танлаган ойни энг мақбули, деган қарорга келганмиз.
– Клублардан ташқари бошқа терма жамоаларни ҳам кузатиб боряпсизми, турли ёш тоифаларидаги терма жамоаларнинг мураббийлари билан кенгашиб иш олиб боряпсизми?
– Миллий жамоа биринчи навбатда олимпия термасидан озиқланади. Тўғри, 14-15 ёшли футболчилардан иборат терма жамоалар ҳам бор, лекин улардаги талаб ҳар хил. Миллий жамоадаги ишни улар қила олмаслиги мумкин. 14 ёшли ва 18 ёшли болани миллий жамоага бир хил тайёрлаб бўлмайди.
















