Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро 24 сентябр куни Эронга (3:1) қарши ўртоқлик ўйинидан сўнг матбуот анжуманида иштирок этиб, ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
«Ўйин осон бўлмади. Бу ўйинга тайёргарлик кўриш учун бизда 3 кун вақт бор эди. Шунга қарамай, футболчилар билан кўп шуғулландик, ўйиннинг дастлабки 20 дақиқаси муҳимлигини суҳбатлашдик. Жамоавий ўйин билан яхши натижага эриша олишимизни тушунтирдим. Ғалаба ёки мағлубият бўладими бирдамлик билан ҳаракат қилишимиз кераклигини таъкидладим».
«Эрон бизга асосан стандарт вазиятларда хавф туғдириши мумкинлигини билардик. Футболчиларим яхши ўйин кўрсатди. Йигитлар билан фахрланаман. Бу натижани тезроқ унутиб, кейинги ўйинлар ҳақида ўйлашимиз керак».
«Дарвозабон Абдувоҳид Неъматовнинг жароҳати? Таркибдаги барча футболчиларга ишонаман. Кеча Неъматов жароҳат олди ва Эронга қарши ўйнамаслиги маълум бўлди. Аммо қолган футболчиларга ишончим комил эди. Владимир Назаровни Осиё Чемпионлар лигасида ўйинларини кўргандик ва уни майдонга туширишга қарор қилдик. Йиғинга ким чақирилган бўлса, барчаси тайёр ҳолатда келган. Аввал ҳам айтганимдек, миллий жамоанинг эшиклари барча учун очиқ. Аввалги йиғинларда кимларнинг меҳнати, саралашдаги ёрдами учун «бонус» берган бўлсак, энди бундай имтиёзлар бўлмайди. Ким миллий жамоага муносиб ва тайёр бўлса, шуни чақирамиз. Бизни олдинда Осиё кубоги кутиб турибди. Турнирга муносиб тайёргарлик кўриш учун бир ой вақт вақтимиз бўлади. Ўша йиғинга йигитлар тайёр ҳолатда келади деган умиддаман».
«Эронга қарши баҳсда менга ёқмаган жиҳатлар ҳам бўлдими? Ушбу баҳсда кўплаб ижобий жиҳатларни кўрдик. Аммо бош мураббий сифатида янада яхшилаш имкониятларини излайман. Эрон бизнинг хатоларимиздан фойдалана олмаган бўлиши мумкин. Лекин бошқа рақиблар буни асло кечирмайди. Айниқса, марказий яримҳимоячилардан жамоавий ўйин кўрсатишни сўрадим. Шунингдек, жарима майдонимиз атрофида қоида бузилмасликни талаб қилдим. Аммо барибир бу борада хато қилдик ва голни ҳам шу тариқа ўтказиб юбордик. Ўйлайманки, биз янада яхшилаш мумкин бўлган жиҳатлар бор».
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий жамоаси Фарғонада Эронни 3:1 ҳисобида мағлуб этди. Голлар Элдор Шомуродов (2) ва Ҳусайн Норчаев ҳисобига ёзилди.
Миллий жамоа ФИФА кунларида яна 2 та ўртоқлик ўйинини ўтказади: 1 октябр куни Тошкентда Сурияга қарши ва 6 октябр куни сафарда Жанубий Кореяга қарши.
















