Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 26 август куни «Шарқ тароналари» ўн иккинчи халқаро мусиқа фестивалининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Давлат раҳбари меҳмонларни мамлакатимизда кўришдан мамнунлигини билдириб, йиғилганларни мазкур айём билан муборакбод этди.

Ушбу анжуман турли цивилизациялар, халқлар ва миллатлар ўртасида ўзига хос маданий ҳамкорлик ҳамда мулоқот майдонига айланганини, Регистон майдонига қадам қўйган ҳар бир санъаткор, миллати, тили ва динидан қатъи назар, башарият фарзанди сифатида дилларни дилларга, элларни элларга боғлашини таъкидлади. 

Ассалому алайкум, 

Азиз ватандошлар, 

Муҳтарам меҳмонлар!

Ҳурматли фестиваль қатнашчилари!

Хонимлар ва жаноблар!

Бугун сиз, азизлар билан гўзал Ўзбекистон диёрида, “Ер юзининг сайқали” деб ном олган қадимий ва бетакрор Самарқанд шаҳрида кўришиб турганимдан бахтиёрман.

Барчангизни “Шарқ тароналари” ўн иккинчи халқаро мусиқа фестивалининг тантанали очилиши билан чин қалбимдан муборакбод этаман.

Мана, йигирма икки йилдирки, биз бу фестивални ЮНЕСКО раҳнамолигида ўтказиб келмоқдамиз. 

Бугун ушбу ташкилотнинг Бош директори Одри Азуле хоним юртимизга шахсан ташриф буюриб, анжуманимизга алоҳида файз ва кўтаринки руҳ бағишлагани учун самимий миннатдорчилик билдираман. 

Шунингдек, тантанамизда қатнашаётган фахрий меҳмонларимиз Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси раиси Сергей Лебедевга, Россия Федерацияси Президентининг маданият масалалари бўйича маслаҳатчиси Владимир Толстойга, Қозоғистон Республикаси Маданият ва спорт вазири Ақтўти Раимқуловага, Қирғизистон Республикаси Маданият, ахборот ва туризм вазири Азамат Жаманқуловга, Тожикистон Республикаси Маданият вазири Шамсиддин Орумбекзодага, Туркманистон Маданият вазири Атагелди Шамурадовга, Бангладеш Халқ Республикаси Маданият вазири Муҳаммад Холидга, Бутан Қироллиги Маданият ва ички ишлар вазири Шеруб Гйел-тшенга, Польша Республикаси маданият ва миллий мерос вазири ўринбосари Павел Левандовскига, Буюк Британия Парламенти Лордлар Палатаси аъзоси Муҳаммад Илтоф Шайхга, Беларусь Республикаси Миллий Мажлиси сенатори Екатерина Дуловага, Япониянинг Нара шаҳри мэри Мото-нобу Нака-гавага, Корея Республикаси Андонг шаҳри мэри Квон Ёнг-сега, Лал Баҳодур Шастри институти раиси, Ҳинд-ўзбек дўстлик алоқалари кенгаши президенти Анил Шастрига, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистондаги муҳтарам элчилари ва вакилларига, фестивалимизни жаҳон миқёсида ёритиш мақсадида юртимизга келган оммавий ахборот воситалари ходимларига чуқур ташаккур изҳор этаман.