Ижтимоий ҳаётдаги муаммоларнинг ечими олдимизга янги-янги муаммоларни қўяди. Аслида тараққиётнинг моҳияти ҳам, мантиғи ҳам мана шунда. Бу – жамият тараққиётида муҳим роль ўйнайдиган таълим соҳасига ҳам бирдай тегишли. Айниқса, миллийликнинг ифодаси бўлган она тили таълимида кўзга яққол ташланади. Бу борадаги муаммолар ва уларнинг ечимига доир фикрларини билиш мақсадида соҳанинг йирик мутахассиси, профессор Бахтиёр Менглиевни суҳбатга тортдик. Албатта, устознинг фикрларида баҳсталаб ўринлар ҳам йўқ эмас. Шунинг учун таклифларни Kun.uz ўқувчилари эътиборига ҳавола этишни маъқул топдик.

– Ҳозирги кунда она тили таълимидаги муаммолар нималарда кўринади?

– Ҳаммамиз мактабда физика, кимё, математика, биология предметларини ўқиганмиз. Улардан қойиллатиб беш баҳо олганмиз. Аммо кўп ҳолларда оддийгина электр чироғи патронини ўрнатишни ҳам, дарахтни пайванд қилишни ҳам, юлдузларга қараб вақтни аниқлашни ҳам, жароҳатга қандай малҳам қўйишни ҳам, бирор нарсанинг ҳажмини ҳисоблашни ҳам эплай олмаймиз. Ҳатто оддийгина иситиш тизимидаги сувнинг айланма ҳаракатини ҳам тушунмаймиз. Нега? Чунки биз олган таълим ҳаётдан узилиб қолган. Ҳамма ҳам физик, математик, биолог бўлавермайди-ку! Шунинг учун ўқувчида ҳаётий компетенция биринчи ўринга чиқиши лозим эди.

Энди ўзимизнинг «Она тили»мизга келайлик. Она тили таълимининг аҳволи қандай? Боши ҳам, адоғи ҳам йўқ, бунинг устига дарсликдан дарсликка ўтиш, синфдан синфга кўчиш билан ўзгариб турадиган сон-саноқсиз илмий (лингвистик) қоидаларни ёдлатамиз. Матннинг, берилган гапларнинг авра-астарини чиқариб, ипидан игнасигача таҳлил қилдирамиз. Бироқ бу «билим»лар оғзаки ва ёзма нутқимизга қай даражада таъсир қилиши ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаймиз.

Болаларимизнинг нутқи қандай? Тутилади, дудуқланади. «Анақа», «ҳалиги», «нима десамикин», «ўша-де» кабиларни ҳар икки сўз орасида гўё «боғлама» сифатида қўллайди ва бундан ҳижолат ҳам бўлмайди. Аризани қойиллатиб ёзиб, фикрини лўнда ва аниқ тушунтириб бера олмайди. Давраларда микрофон тутқазиб қолишса қочиб, таъзияларда марҳумнинг яқинларига «бандалик» ифодасидан бошқа бирор сўзни ёлчитиб айтолмайди.

Биз, ўқитувчилар эса унли товушнинг тил олди ва тил орқалиги, лабланган-лабланмаганлиги, қуйи кенг, ўрта кенг, юқори торлиги, тил ундошнинг лаб-лаб, лаб-тиш, тил олди, тил ёни, тил ўрта, тил орқа товушининг яқин тил орқа, чуқур тил орқалиги ҳақидаги билим шахснинг тилдан фойдаланиш малакасини қандай ва қанчалик таъминлаши ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаймиз.

Она тили предмети тўла-тўкис тилшунослик фанига айланиб бўлди. Ўқитувчи ҳам, ўқувчи ҳам, ота-оналар ҳам она тили таълими деганда тилшунослик қоидаларини ёдлаш ва уларга доир машқ ва топшириқларни бажаришдан бошқа нарсани тасаввур қила олмайдиган бўлиб қолди. Биринчи планда туриши керак бўлган оғзаки ва ёзма нутқ бўйича саводхонлик, нутқ ва мулоқот маданияти, бой сўз захираси, нотиқлик энг охирги ўринларга тушиб кетди.