Йиғилишда Қорақалпоғистонда 30 минг гектарда шўрга чидамли олхўри ва кечки ўрик плантацияларини ташкил этиш бўйича уч йиллик дастур амалга оширилиши таъкидланди. Янги дастур доирасидаги 10 минг гектарда ишлар шу йил бошланади.
Вилоят ҳокимлари 500 ва 1 минг гектардан боғ яратишга масъул бўлади. Андижондан ер бўйича мутахассис ва деҳқонлар келиб, Кегейлида ишларни бошлагани қайд этилди.
Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоят ҳокимлари ва Боғдорчилик агентлиги ўртасида уч томонлама шартномалар тузилади. Икки ҳафтада ҳар бир вилоят учун ер ажратилиб, кафолатли сув таъминоти яратилади. Агентлик 1-октябргача иқлимга мос кўчат навлари ва экиш технологияларини тақдим этади.
Вилоят ҳокимлари уста деҳқон ва агрономларни жалб қилиб, уларга уй-жой қуриб беради. Ҳар бир ҳудудда 50 гектардан боғ жорий йил, қолган майдонларда баҳорда барпо этилади. Қайта ишлаш қувватлари ҳам шу ернинг ўзида ташкил қилинади.
Давлат раҳбари томонидан боғдорчиликда 20 минг одамни ишли қилиш ва уч йилда мева экспортини камида 500 миллион долларга етказиш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, келгуси баҳордан Нукус туманидаги 10 минг гектар майдонда қовун етиштириш бошланади. Йил якунигача Испания, АҚШ, Нидерландия ва Хитойдан қовуннинг энг яхши навлари, уруғчилик ва агротехнология бўйича мутахассисларни олиб келиш топширилди.

Салоҳиятли инвесторларни жалб қилиб, шу ернинг ўзида қовунни қайта ишлаш ва экспорт қилиш билан шуғулланадиган холдинг ташкил этилади.
Нукус туманидаги техникум қовунчиликка мослаштирилиб, лаборатория ва синов полигони билан таъминланади. Ушбу муассаса Қорақалпоғистон, Хоразм, Жиззах, Қашқадарё ва Сирдарёдаги қовун етиштирувчилар учун тажриба алмашиш методик маркази бўлади.

















