Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ички ишлар органлари ходимларига бириктириладиган мобиль видеокамера (бодикамера) воситалари ҳақида Kun.uz сайтида эълон қилинган «Боди камералар бўйича шубҳали тендер. Унда ютиб чиққан компаниянинг АҚШдаги дала ҳовлига қандай алоқаси бор?» сарлавҳали мақолага муносабат билдирди.
«Жорий йилнинг 1 август куни kun.uz сайтида «Боди камералар бўйича шубҳали тендер. Унда ютиб чиққан компаниянинг АҚШдаги дала ҳовлига қандай алоқаси бор?» сарлавҳали мақоласи чиққан. Бунда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 декабрдаги «Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4075-сонли Қарори талаблари асосида ички ишлар органлари ходимларига бириктириладиган мобиль видеокамера (бодикамера) воситаларини харид қилиш ишлари хато ва камчиликлар билан амалга оширилаётгани юзасидан хабар берилган.
Хусусан, мобиль видеокамера (бодикамера) воситалари билан ички ишлар органлари ходимларини таъминлаш ишлари ўз вақтида амалга оширилмаганлиги ҳамда мазкур воситалар билан ички ишлар органларини таъминлаш борасидаги танловларда ғолиб деб эълон қилинган компаниянинг юридик манзили ва тендер комиссияси хулосаси бўйича шубҳали фикрлар акс эттирилган.
Мазкур масала юзасидан Ички ишлар вазирлиги қуйидагиларни маълум қилади:
1. Ички ишлар органлари ходимларини мобиль видеокамера (бодикамера) воситалари билан таъминлаш юзасидан жорий йилнинг январь ойида Мудофаа саноати Давлат қўмитаси томонидан дастлабки конкурс танловлари ўтказилган.
Мазкур танловда иштирок этиш мақсадида қуйидаги 15та ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларини таклиф этишган:
«ANICO kft», «BIEM JSC», «EDESIX», «INFINECOM LLC», «Secure House», «Poly Technologies», «Posco DAEWOO», «СпектоКом» МЧЖ, «ТАR Military&Police Equipment&Training», «TORSVIK Project Engineering», «ТЕХНОДИНАМИКА» Авиационно-сервисный центр, «CEIEC», «DES Ltd», «O'zelektroapparat-Electroshield» АЖ, «TELECOM DEVICES PRO».
Бироқ, мақолада кўрсатиб ўтилган «ORGSELL» МЧЖ томонидан мобиль видеокамера (бодикамера) воситаларини етказиб бериш юзасидан ҳеч қандай таклифлар келиб тушмаган ва ушбу компания лойиҳа доирасидаги танловда иштирок этмаган.
2. Конкурс танловларининг шарти асосида маҳсулотларнинг (мобиль видеокамера) синовлари ўтказилиши лозимлигидан келиб чиқиб, ўз маҳсулотини синовларга тақдим этган 6та, шу жумладан, «ANICO kft», «INFINECOM LLC», «Secure House», «Poly Technologies», «DES Ltd», «O'zelektroapparat-Electroshield» АЖ компанияларининг мобиль видеокамера воситалари апрель-май ойлари мобайнида синовлардан ўтказилган.

















