Бугунги кунда олиб борилаётган кўплаб қурилиш ишлари натижасида аҳоли ва ҳокимликлар ўртасида турли тушунмовчиликлар учраб турибди. Бундан ташқари, ерларни ноқонуний эгаллаб олиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Умуман, соҳада қилиниши керак бўлган ишлар талайгина.
Шу муносабат билан сайт таҳририяти Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси (Ергеодезкадастр) ҳамда унинг фаолияти, соҳада олиб борилаётган ишлар ва ечимини кутаётган муаммолар тўғрисда Ўзбекистон Республикаси «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси раиси Абдушукур Хамидович Абдуллаев билан суҳбат қилди.
Видео: Youtube
Видео: Mover (tas-ix)
Суҳбат давомида қўмита раиси қўмитанинг асосий фаолияти ва вазифалари, кўчмас мулк кадастри, бинонинг кадастр қиймати, «снос»лар вақтида бинони ҳисоблаш, тизимдаги коррупция ва бошқалар ҳақида маълумот бериб ўтди.
«Қўмитанинг асосий тўртта муҳим йўналиши бор: Ер ресурсларини бошқариш ҳамда ер ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш, Давлат кадастрларини бошқариш, Геодезия ва картография йўналиши ҳамда Дронлардан фойдаланиш.
Кадастр деганда кўпчилик уйнинг бир ҳужжатини тушунади. Кадастр - доимий сақланиши, ҳисобга олиб борилиши, лаёқатли деб топилган идоралар томонидан рўйхатга олиб борилиши ва керакли вақтда уни тасдиқлаб берадиган фаолиятдир.
Қонунчиликда 21та давлат кадастри белгиланган. Бу 21та давлат кадастрини 17та вазирлик, идора олиб боради. Улар қандай фаолият олиб бораётганини назорат қилиш эса қўмитамизнинг вазифаси ҳисобланади.
Кейинги пайтларда бир нечта терминлар юрибди. Бинонинг инвентар, бозор ва кадастр баҳолари бор. Агар турар жой олди-сотди қилинадиган бўлса, албатта, бозор нархи бўйича қилинади. Кадастр қиймати ўша жойнинг конструктураси, тузилмаси ҳамда унинг туридан келиб чиққан ҳолда алоҳида формула асосида ҳисобланади. Тошкент шаҳридаги 3 хонали уйни оладиган бўлсак, унинг инвентар қиймати 1,8 млн сўм чиққан. Табиийки, ҳозир унақа нарх-наво йўқ. Кадастр қиймати ҳисобланганда эса республика бўйича оладиган бўлсак амалдагига нисбатан 8,6 баравар кўтарилди. Кўпчилик буни солиқларни ошириш учун қилинган деб тушунади. Аслида бундай эмас. Тўлов ҳар қандай нарсадан солиқ тўланадиган бўлса, солиқ миқдори унинг реал ҳолатидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Кадастр қийматига ўтиш бозор қийматига ўтишга яқинликни таъминлади.
















