Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 4 сентябрь куни жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, халқаро мусобақаларга тайёргарликни кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. 

Қайд этилганидек, кейинги йилларда бу борада ҳам жуда кўп ишлар амалга оширилди. Соҳани бошқаришни такомиллаштириш мақсадида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ташкил этилди. 2019-2023 йилларда жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш концепцияси тасдиқланди. Аҳолининг жисмоний тайёргарлиги ва саломатлиги даражасини белгиловчи «Алпомиш» ва «Барчиной» махсус тестларини ўтказиш тизими жорий этилди. 

Беш ташаббус ҳамда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида спорт объектлари ишга туширилиб, ёшлар спортга фаол жалб этилмоқда. Олимпия ўйинлари, жаҳон ва Осиё чемпионатлари ғолиби бўлган 204 нафар спортчи туман ва шаҳарларга бириктирилди, айримларининг спорт мактаблари очилди.

Юртимиз вакиллари ўтган йилги Осиё ўйинларида жами 70та, жумладан, 21та олтин, 24та кумуш ва 25та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 5-ўринни эгаллаган эди. 

Жорий йилнинг ўтган даврида эса халқаро мусобақаларда жами 442та, жумладан 145та олтин, 134та кумуш ва 163та бронза медали қўлга киритилди.

Йиғилишда бундан кейинги мусобақаларга пухта тайёргарлик кўриш, бунинг учун жойларда зарур шароит яратиш масалалари муҳокама этилди.

2020 йилда Токиода бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик аҳволи қониқарли эмаслиги, қатор спорт федерациялари ва ҳокимликлар юқори натижаларни таъминлайдиган спортчиларга шароит яратишга етарлича эътибор бермаётгани танқид қилинди.  

Миллий Олимпия қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига саралаб олинган спортчиларнинг яқин ойларда ўтказиладиган халқаро мусобақаларда юқори ўрин эгаллаб, Олимпиадага лицензияни қўлга киритишлари учун янада кенг шарт-шароит яратиш бўйича кўрсатмалар берилди. 

«Албатта, моддий-техник база муҳим. Лекин натижани иқтидорли спортчи таъминлайди. Бундай ёшларни топиш учун эса кучли селекция тизими зарур. Аммо жойларда ташкил этилаётган мусобақалар сони ва савияси ҳозирча талабга жавоб бермайди. Мисол учун, Андижон, Бухоро, Навоий, Наманган, Тошкент, Хоразм, Фарғона ҳамда Қашқадарё вилоятларидаги 131та шаҳар ва туманда жорий йилги мусобақаларни молиялаштиришга маҳаллий бюджетдан маблағ ажратилмаган. Ёки республика миқёсида ўтказилган 230та мусобақада айрим шаҳар ва вилоят жамоалари умуман иштирок этмаган. Бу миллий терма жамоалар таркибига маҳоратли спортчиларни саралаб олишга салбий таъсир кўрсатмоқда.