Таълим одамларнинг ишга жойлашишида кўмаклашувчи асосий восита. У ишга жойлашув инфраструктурасида фойдаланиладиган қурилиш блокига ўхшайди. Ишга жойлашиш эса, ўз навбатида, шахсга молиявий жиҳатдан мустақил бўлиш ва иқтисодий жараёнларда фаол иштирок этиш имконини берувчи кучдир.
Бироқ тўртинчи саноат инқилоби даврида анъанавий таълим услубларига асосланган иш тизими замонавий технологиялар сабаб кўплаб муаммоларга дуч келмоқда.
Aйрим саноат йўналишларида мазкур жараён таъсирида ишчи кучига бўлган талаб сезиларли даражада қисқарди. Бу тадбиркорлик фаолияти ва иш билан таъминлаш масалаларини қайта кўриб чиқиш заруратини туғдиради.
Таълим ва ишга жойлаштирув механизмини яратиш орқали одамларни тўртинчи саноат инқилобидан қўрқишга эмас, балки бу жараёнда муваффақиятли карьера ва бизнес бошлашга ишонтириш мумкин, деб ёзмоқда weforum.org.
Таълим эволюцияси (ривожи) нимага боғлиқ?
Aнъанавий таълим монодисциплинар характерга эга бўлиб, одамлар ўқишни давом эттиргани сари ихтисослиги ҳам торайиб бораверади. Натижада улар университет, коллеж ёки таълим дастурлари берган билимга асосан ўзлари қизиққан тор доирадаги соҳада фаолият юрита бошлайди.
Шаклланган тушунчага кўра, ихтисослик доираси торайгани сари ўша соҳа вакилларининг қадри шунчалик ортиб бораверади. Мисол тариқасида айтиш мумкинки, қайсидир йўналишни чуқур биладиган шифокор умумий амалиёт шифокоридан кўра кўпроқ пул топади. Худди шу қоида яна айрим йўналишларга мос келади. Лекин бу таълимга қандай ёндашишимиз кераклигини қайта ўйлаб кўрмасликка туртки бўла олмайди.
Тўртинчи саноат инқилоби даврида шундай кадрлар керакки, улар битта йўналишни мукаммал даражада ўзлаштирган ва ўз мутахассислигидан ташқари бошқа йўналишларга ҳам мослаша оладиган малакага эга бўлиши зарур. Бу малака билан улар ўз соҳасида ҳам тажрибаларини ошириб бораверади.
Биргина мисол, Жефф Безос – дунёнинг энг бой кишиларидан бири. Мутахассислиги компьютер илми бўлган Безос Wall Street’да ишлаган узоқ муддат давомида бир қанча йўналишларда билимга эга бўлиб, кейинроқ электрон тижоратда ҳам ўзини синаб кўрган. Сўнгра 1994 йилда машҳур Amazon’ни ташкил этган.
Айтиш жоизки, Жефф Безос олдин ҳам компьютер илми бўйича таълим олган бўлса-да, интернет дунёсини қайтадан ўрганишга ва ўз билимини бойитишга ҳаракат қилган. Натижада эгалланган янги билимлар Безосга учинчи саноат инқилобининг яхши намунаси бўлган Amazon’ни яратишга ёрдам берди.











