Қуддус яқинидаги Ар-Ром шаҳрида ЖЧ-2022 саралашидан ўрин олган Фаластин ҳамда Ўзбекистон миллий жамоалари ўртасидаги ўйин якунланди.

Осиё саралаш циклининг «D» гуруҳидан ўрин олган ўйинда Ўзбекистон 0:2 ҳисобида имкониятни бой берди. Одай Иброҳим ҳамда Ислом Батран киритган голлар Фаластинга ғалаба келтирди.

Ўйиннинг 8-дақиқасида Фаластиннинг ўнг қанотдан амалга оширган ҳужуми хавфли чиқди. Қанотдан оширилган узатмани Элдор Суюнов кичик саросимадан сўнг ушлаб олди. 12-дақиқада Шомуродов жарима майдончаси яқинида тўпни эгаллаб олиб ҳужум бошлади. Ҳужум Одил Ҳамробековнинг кучсиз зарбаси билан якунланди.

16-дақиқада Маҳмуд Ваъдий катта тезликда олдинга борди ва Егор Кримец билан курашда ғолиб бўлиб, дарвозага яқинлашди, аммо ҳакам Кримецга қарши қўполлик бўлганини қайд этди. 20-дақиқада Фаластин хавфли ҳужумни амалга оширди. Жарима майдончаси ташқарисидан тепилган тўпни бошқа бир фаластинлик футболчи Одай Иброҳим дарвозага йўллади ва Элдор Суюнов қийинчилик билан тўпни эгаллаб олди.

22-дақиқада мезбонлар яна бир хавфли ҳужумни амалга оширди. Тамер Сейямнинг кучли зарбасини Суюнов қайтарди, аммо қайтган тўпга ҳам фаластинлик футболчи етиб борди. Одай Иброҳимнинг акробатик зарбаси бироз ноаниқ бўлди. 29-дақиқада Ўзбекистон миллий жамоаси ўйинлаги илк хавфли зарбасини амалга оширди. Қувондиқ Рўзиевдан тўпни қабул қилиб олган Одил Аҳмедов чап оёқда тўпни дарвозага йўллади, аммо зарба ноаниқ бўлди.

33-дақиқада Ўзбекистон яна бир чиройли ҳужумни амалга оширди. Одил Аҳмедовнинг жуда аниқ узатмасини ҳимоячиларни чалғитиб дарвозага яқинлашган Икром Алибоев тўпни бош билан дарвозага йўллади, аммо зарба ноаниқ бўлди. 35-дақиқада фаластинликлар белгиланган жарима зарбасини тезда амалга ошириб, Одай Иброҳимни зарба позициясига олиб чиқишди. Ҳужумчининг зарбаси кучсиз бўлди.

45-дақиқада Ўзбекистон бўлимдаги охирги ҳужумини уюштирди. Одил Аҳмедовнинг зарбаси ҳимоячига тегиб майдон ташқарисига чиқиб кетди. Бурчак зарбасидан сўнг тўп Алибоевга келиб тушди ва унинг кучсиз зарбасини дарвозабон ушлаб олди.

49-дақиқада Одил Аҳмедов жуда қулай вазиятдан фойдалана олмади. Қувондиқ Рўзиевнинг кўкрак билан тўхтатиб берган тўпини жамоа сардори 3-4 метр узоқликдан дарвозага йўллай олмади.

51-дақиқада Жалолиддин Машарипов жуда чиройли ҳаракат қилди ва тўпни қанотдаги Фаррух Сайфиевга қолдирди. Аммо Сайфиев ҳужумни йўққа чиқарди. 55-дақиқада Фаластин хавфли ҳужум уюштирди. Мезбонлар 3 киши бўлиб олдинга боришди, аммо якуний зарба ноаниқ бўлди.

60-дақиқада ўйинда ҳисоб очилди. Фаластин қарши ҳужумда тезкорлик билан олдинга борди ва қанотдан дарвозага яқинлашган Одай Иброҳим олис бурчакни аниқ нишонга олди.