Жорий йилнинг 2 сентябрь санасида Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида янги Солиқ кодекси лойиҳаси яна жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинганди.

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг янги таҳрири лойиҳаси юзасидан ўз муносабатини Палатанинг расмий сайти орқали билдириб, лойиҳанинг адвокатурага доир қисмлари билан келишиб бўлмаслигини маълум қилди.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси янги таҳрири лойиҳаси муҳокамага қўйилган бўлиб, унинг адвокатурага дахлдор қисмларида амалдаги меъёрлардан фарқ қилувчи жиҳатлар мавжуд.

Жумладан, Кодекс лойиҳасининг 488-моддасида адвокатлар ҳайъатининг нотижорат ташкилот шаклида ташкил этилиши, уни сақлаб туриш ва тадбиркорлик фаолияти бўлмаган умумий вазифаларни бажариш учун адвокатлардан олинадиган маблағлар қисми бўйича адвокатлар ҳайъати юридик шахслардан олинадиган фойда солиғини ва қўшилган қиймат солиғини тўловчи ҳисобланмаслиги белгилангани ҳолда адвокатлик фирмалари ва адвокатлик бюроларининг солиқ солиш мақсадларида тадбиркорлик субъектлари деб эътироф этилиши ҳамда юридик ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ бўлган фаолият қисми бўйича солиқлар ва йиғимларни ушбу Кодексда назарда тутилган тартибда тўлаши кўрсатиб ўтилган.

«Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси эса муҳокама учун қўйилган янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳасининг адвокатурага тааллуқли мазкур моддалари билан келишиб бўлмайди деб ҳисоблайди», – дейилади Палатанинг расмий ахборотида. Хабарда таъкидланишича, шунга кўра Палата Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Солиқ қўмитасига янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳаси юзасидан ўз эътирозларини юборган.

Адвокатлар палатасининг эътирозлари ахборотда жумладан қуйидагича баён қилинган:

«Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 116-моддасида адвокатура фаолияти қонун билан тартибга солиниши кўрсатиб ўтилган. «Адвокатура тўғрисида»ги қонунда эса адвокатлик фаолиятини амалга ошириш учун ташкил этиладиган адвокатлик бюроси, адвокатлик фирмаси ва адвокатлар ҳайъати нотижорат ташкилотлари этиб белгиланган (4-1, 4-2, 4-3-моддалар).

Шунингдек, «Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги қонуннинг 11-моддасида ҳам «Адвокатура нотижорат ташкилотдир» деб белгилаб қўйилган. Зеро, адвокатура ўзининг асосий фаолияти давомида даромад (фойда) олишни кўзламайди ва фаолияти давомида йиғилган даромадни (фойдани) ўз аъзолари (иштирокчилари) орасида тақсимламайди. Адвокатлик тузилмалари Конституцияга мувофиқ фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилади. Шунинг учун ҳам Қонун адвокатлик тузилмаларининг, ҳар қандай мақсад йўлида ҳам, статусига ёки ташкилий тузилишига кўра нотижорат фаолиятдан ташқари фаолият билан шуғулланишини инкор этади.