Тошкент шаҳрида тажриба тариқасида ўтказилган кўчмас мулкни оммавий баҳолашнинг дастлабки натижалари жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Мулкдорлар баҳолаш натижаси билан MyGov порталидаги тегишли хизмат орқали танишиши ва баҳолаш натижасига розилиги ёки рози эмаслигини билдириши мумкин.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, пойтахтдаги қарийб 600 мингта квартиранинг умумий қиймати 426,7 трлн сўм деб баҳоланган. Бу объектларнинг амалдаги кадастр қиймати эса қарийб 57,7 трлн сўмни ташкил этади. Ўртадаги фарқ – 7,3 баробарни ташкил этмоқда.
7 сентябр куни баҳолаш натижаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда баҳолаш натижалари келгусида мол-мулк солиғининг ошишига олиб келадими, деган масала муҳокама марказида бўлди.
Фискал таҳлиллар институти директори ўринбосари Дилшод Султоновнинг айтишича, оммавий баҳолаш натижасида кўчмас мулкнинг қиймати ошгани – солиқ юкининг автоматик равишда шунча миқдорда ошишини англатмайди.
Унинг сўзларига кўра, солиқ юкини оширмаслик бўйича топшириқ берилган. Шу сабабли ҳозир асосий вазифа янги қийматлар базасини шакллантириш, методикани синовдан ўтказиш ва кейинчалик солиқ ставкаларини белгилаш масаласини кўриб чиқишдан иборат.
“Вазифамиз ставкани муҳокама қилиш эмас. Чунки солиқ юкини оширмаслик учун топшириқ берилган. Ҳозир асосий масала ернинг қийматини ҳисоблаш, активларни ҳисобга олиш”, – деди Султонов.
Баҳолаш натижалари эълон қилингач, фуқаролардан мурожаатлар келиб тушмоқда. Улар асосида маълумотлар базаси қайта кўриб чиқилади. Хусусан, квартира майдони, қавати ёки бошқа техник маълумотлари нотўғри киритилган бўлса, бундай хатолар тузатилади.
“Давлат қанча актив борлигини билиши керак”
Ҳозирги тизимда кўчмас мулкнинг кадастр қиймати бозор нархидан сезиларли даражада фарқ қилиши мумкин. Оммавий баҳолашдан кўзланган асосий мақсадлардан бири – шу тафовутни камайтириш ва кўчмас мулкнинг иқтисодий қийматини аниқроқ ҳисобга олишдир.
“Давлат билиши керак қанча актив бор, қанча уй-жой борлигини. 2018 йилда биринчи марта коэффициентли реформа қилинган. Лекин шунга қарамай, бозор ўз жойига келмаган, нархлар бозор қийматидан кескин фарқ қилишни бошлаган”, – деди Дилшод Султонов.
















