Америка Қўшма Штатларининг John Deere компанияси Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти билан ҳамкорликда олий ўқув юртида ўқув марказини ташкил этди. Шу муносабат билан ТИҚХММИда тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Бош вазир маслаҳатчиси, «Ўзагротехсаноатхолдинг» АК раиси Нодир Отажонов, Олий ва ўрта-махсус таълим вазири Иномжон Мажидов, CIS Equipment Group раҳбари Жейсон Ҳант, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси, John Deere компаниясининг Ўзбекистондаги расмий дилери – Landtech компанияси вакиллари ҳамда институт профессор-ўқитувчилари ва талабалари иштирок этди.

Таъкидлаш ўринлики, John Deere компаниясининг мазкур ўқув маркази Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан 2019 йил 31 июлда имзоланган «Қишлоқ хўжалиги машинасозлигини жадал ривожлантириш, аграр секторни қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминлашни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги қароридан келиб чиқадиган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.

Институт ректори, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Ўктам Умурзоқов тантанали маросимда сўзга чиқар экан, «Институт бугунги жуда катта рақобат шароитида қишлоқ ва сув хўжалиги учун илғор технологияларни биладиган, замонавий билим ва кўникмаларга эга, рақобатбардош муҳандис кадрлар тайёрлашни ўз олдига асосий мақсад ва вазифа қилиб қўйган».

«Ҳозирда Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига замонавий техника ва технологиялар кенг жорий этилмоқда. Бу, ўз навбатида, мазкур техника ва технологиялар билан ишлай оладиган муҳандис кадрлар тайёрлашни талаб этади. Бундай вазифани бажаришда эса, нафақат АҚШ, балки дунёда ўз илғор технологиялари ва замонавий техникалари билан машҳур бўлган John Deere компаниясининг Ўзбекистондаги расмий дилери  ҳамкорлик қўлини чўзди. Ўйлаймизки, John Deere компанияси билан биргаликда амалга ошираётган бу ишларимиз, соҳада таълим сифатини янада оширишга ва қишлоқ хўжалиги учун энг юқори малакали муҳандис кадрлар тайёрлашга хизмат қилади», - деди институт ректори Ўктам Умурзоқов.

«Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев «Ўзагротехсаноатхолдинг» компаниясига ташрифлари чоғида ҳар бир заводда олий ўқув юртларининг факультетларини, олий ўқув юртларида эса, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги корхоналари томонидан ишлаб чиқилаётган техникаларнинг ўқув синфлари, макетларини ташкил этишга доир топшириқларни берган эди. Ушбу топшириқнинг ижроси юзасидан дунёнинг энг йирик қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқарувчи John Deere компанияси ўз ўқув марказини очди.