9 сентябрь куни Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича қабулхонаси кўмагида амалга оширилиши режалаштирилган “Адлия тадбиркорга дўст” лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Мазкур лойиҳада тадбиркорларнинг фикрлари ва таклифларини ўрганиш орқали улар фаолиятида юзага келаётган муаммоларини ҳал этиш, тадбиркорларнинг молиявий ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, давлат хизматларини кўрсатиш тизими ҳамда мазкур соҳани тартибга солувчи қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш режалаштирилган.
Шунингдек, лойиҳани амалга ошириш бўйича жойларда 100 дан ортиқ ишчи гуруҳлар ташкил этилади ва 10 мингдан ортиқ тадбиркорлар иштироки қамраб олинади.

Ҳар бир ҳудуднинг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш даражасига баҳо бериш бўйича индикаторлар ишлаб чиқилади ва миллий рейтинглар тузилади.
Тадбиркорлик фаолиятининг барча жабҳаларини қамраб олувчи “advice for business” махсус интерактив ҳуқуқий портали яратилади.
Австралия ва Янги Зеландия давлатларининг тажрибасини ўрганган ҳолда бизнесни юритиш ва рўйхатдан ўтиш босқичлари янада соддалаштирилади.
Буюк Британия ҳукумати Рўйхатга олиш палатасининг (Companies House) тадбиркорларга давлат хизматларини кўрсатиш бўйича, бизнесни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича Янги Зеландия тажрибаси ўрганилади ва амалиётга жорий қилинади.

Ер участкаларини аукционга чиқариш билан боғлиқ жараёнлар мониторинг қилиб борилади.
Барча давлат органларини тадбиркорларни қўллаб қувватлашга чорлаш мақсадида “Сен тадбиркор учун нима қилдинг” акцияси ўтказилади.
“Тадбиркор фаолиятига аралашма” шиори остида ижтимоий тармоқларда ва аҳоли орасида адлия сайллари тадбирлари ўтказилади.
Тадбиркорларни ноқонуний ҳомийликка жалб қилиш ҳолатларини аниқлаш бўйича жойларда акциялар ўтказилади.









