Жаҳон | 17:02 / 10.09.2019
10483
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған: Туркия қочоқларнинг янги тўлқинига бас кела олмайди

Фото: REUTERS

Агарда Суриядаги инқироз ҳал этилмаса, Туркия бу мамлакатдан келадиган қочоқларнинг янги тўлқинига бас кела олмайди, деди Туркия президенти Ражаб Таййип Эрдўған.

"Туркия 3,5 миллион суриялик қочоқни қабул қилди. Бундан ташқари, бошқа мамлакатлардан келган қочоқлар бор, бизда ҳаммаси бўлиб беш миллионга яқин қочоқ бошпана топган. Агарда Суриядан янги қочоқлар тўлқини келадиган бўлса, Туркия бунга дош берадиган ҳолатда эмас", - деди Эрдўған.

Унинг қўшимча қилишича, Туркия қочоқлар оқимини тўхтатиш орқали бутун Европанинг хавфсизлигини таъминламоқда.

"Мамлакатимиздаги сурияликлар ўз ватанларига қайтишлари учун уларнинг мамлакатини террорчилардан тозалаш керак. Сурияда ИШИД мағлуб бўлди. Ҳозирда қочоқларнинг қайтишига YPG (суриялик курдлар мудофаа кучлари) кўпроқ халал бермоқда. Сурияни террорчилардан тозалаш учун АҚШ билан ҳамкорлик қилишимиз муҳим ҳисобланади", - деди Туркия президенти.

У Туркия АҚШнинг собиқ президенти Барак Обамага Сурия шимолида хавфсизлик ҳудудини ташкил этишни таклиф қилганини эслатди.

"Афсуски, Обама билан бунинг имкони бўлмади. Ҳозирда президент Трамп билан келишув мавжуд. Биз АҚШдан иттифоқчидек ҳаракат қилишини кутмоқдамиз: улар Суриядаги YPG билан курашда бизнинг ёнимизда бўлишини истаймиз, аммо америкаликлар YPG’га 50 мингга яқин юк машинасида қурол етказиб берди, бу бизни қаттиқ ташвишга солмоқда ва номақбул ишдир", - деди Эрдўған.

Мавзуга оид