Ўзбекистон | 11:06 / 12.09.2019
19095
3 дақиқада ўқилади

Депутатлар Нозим Ҳусанов номзодини Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири лавозимига маъқуллашди

Бугун, 12 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда, парламент қуйи палатасида таркиб топган янги амалиётга мувофиқ, депутатлар ҳукумат аъзолигига тайинланаётган номзодни кўриб чиқишди ва Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири лавозимига тавсия қилинган Нозим Ҳусанов номзодини маъқуллашди.

«Бу гал Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири лавозимига номзод муҳокамаси ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири лавозимига айни пайтда Тошкент шаҳри Сергели тумани ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Нозим Ҳусановнинг номзоди кўрсатилган.

Муҳокамалар чоғида депутатлар айни пайтда мамлакатимизда фуқароларни иш билан таъминлаш, меҳнат ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, соҳада қилинаётган ишларга батафсил тўхталиб, бугунга қадар қуйи палата билан ушбу вазирлик ўртасида яқин ҳамкорлик қарор топганини, бунинг натижасида қатор қонунлар қабул қилинганини эътироф этиш баробарида бу борада учраётган муаммолар, ечилиши лозим бўлган масалаларга ҳам эътибор қаратдилар. Бандлик ва меҳнат муносабатларини янада яхшилаш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақидаги саволлар билан мурожаат қилдилар.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири лавозимига номзоди кўрсатилган Нозим Ҳусанов парламент аъзолари томондан кўтарилган саволларга атрофлича жавоб қайтарди ҳамда улар эътиборига мазкур лавозимга киришганидан сўнг вазирлик билан парламент ўртасидаги муносабатлар янада фаол ва самарали бўлишини билдирди.

Савол-жавоб, муҳокамалар сўнг мажлис якунида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Нозим Ҳусановни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири лавозимига маъқуллаш ҳақидаги қарори қабул қилинди», дейилади Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабарида.

Нозим Ҳусанов 1976 йил Тошкент вилоятининг Зангиота туманида туғилган, 1997 йилда Тошкент автомобиль-йўллар институтини, 2002 йилда Тошкент молия институтини (сиртқи бўлим) тамомлаган.

У 2010—2011 йилларда Марказий банк Тошкент вилояти бош бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият олиб борган, 2011—2013 йилларда Марказий банк раиси ўринбосари, 2013—2014 йилларда Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари, 2014—2016 йилларда «Микрокредитбанк» очиқ акциядорлик-тижорат банки бошқаруви раиси бўлган, 2016 йилнинг баҳоридан 2018 йил баҳоригача, Сергели тумани ҳокими лавозимига тайинлангунигача Тошкент шаҳар ҳокимининг иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш, хизматлар соҳаси ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган.

Маълумот учун, Нозим Ҳусанов яқинда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма саккиз йиллиги арафасида президент томонидан «Содиқ хизматлари учун» медали билан тақдирланганди.

Мавзуга оид