Kun.uz ташқи меҳнат миграцияси билан боғлиқ муаммолар ҳақида мақола эълон қилганди. Суриштирувда икки йил олдин давлат раҳбарига тақдим этилган, ўзбекистонликларни Японияга ишга боришга тайёрлайдиган махсус марказ фаолиятига масъуллар томонидан қўйилаётган тўсиқлар ҳақида сўз юритилган эди. Kun.uz иккинчи томонга ҳам микрофон тутди: мавзу доирасида собиқ Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов билан суҳбатлашилди.
Шокир Шарипов:
— Мен учун баъзи ўзгармас ҳақиқатлар бор, тепамизда Қуёш тургани каби. Ўзим кузатганим боис булар мен учун исбот талаб қилинмайдиган ҳақиқат. Шулардан бири – Жанубий Кореяга ишга бориш масаласида: қишлоқларда «Кореяга кетибди», «Кореядан ишлаб келибди» мавзуси – машҳур. Шу ерда мен кузатган нарса — қанақадир шахслар бор, уларга Кореяга кетмоқчи бўлганлар пул олиб бориб беради. Ҳозир ушбу рақам 15 минг долларга чиққан. Кейинчалик пул берганлар қаергадир олиб бориб, корейс тилига ўқитилади ва кейин Жанубий Кореяга ишга кетади. Буни қандай изоҳлайсиз?
Нозим Ҳусанов:
— Айтган ҳолатингиз мавжуд, хабаримиз бор. Аммо бу – бозор талаби. Ҳар бир фуқаро даромад топиш истагида. Фуқароларимизнинг бир қисми хорижга, жумладан, Жанубий Кореяга бориб, яхши даромад олаётганига ўзимиз ҳам гувоҳ бўлганмиз. Шунинг учун ҳам, юқори талаб бўлганидан, сиз айтаётган қўштирноқ ичидаги тадбиркорлик субъектлари деймизми, уддабуронлар шундай бир ўқув марказлари ташкил қилганини биз ҳам эшитганмиз. Ўтган йил июн ойида, Корея ҳукумати билан ўзаро келишувга асосан Кореянинг Инсон ресурслари маркази томонидан имтиҳонлар ташкил қилдик. Бир ой олдин имтиҳон кунларини, оnline ариза билан мурожаат қилишни, рўйхатдан ўтишни ва имтиҳонда қатнашиш имкониятини барчага очиқ-ойдин эълон қилдик. Ва 15,5 минг фуқаро оnline порталимизга ариза билан мурожаат қилиб, рўйхатдан ўтишди. Имтиҳон бир неча кун бўлиб ўтди. Якунда 13 мингга яқин фуқаро келиб, имтиҳонда қатнашди. Бу фуқароларимиз орасида ушбу йўналишга қизиқиш кўплигидан далолат беради
Шокир Шарипов:
— Қишлоқларда кимлардир пул олиб ўқитяпти ва менинг кузатишим бўйича, айнан шу орқали Кореяга кетишяпти. Қишлоқда одамлар фақатгина ўша битта йўл билан, яъни кимларгадир катта пул бериб кетишяпти.














