Ўзбекистон | 10:01 / 12.09.2019
57853
2 дақиқада ўқилади

Ҳукумат ёш оилаларни уй-жой билан таъминлаш бўйича янги қарор қабул қилди

Фото: KUN.UZ

Вазирлар Маҳкамасининг “Мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қайд этилишича, 2019 йилда мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиб, алоҳида намуна кўрсатаётган ёш оилалар учун 1064 та уй-жойнинг қурилиши тугаган ҳамда 2116 та уй-жойда қурилиш давом этмоқда

Белгилаб қўйилишича, жорий йилда ёш оилалар учун қурилаётган 2116 та уй-жой:

уй-жой қиймати дастлабки бадалининг 65 фоизигача бўлган қисми Ўзбекистон ёшлар иттифоқи маблағлари ҳисобига 7 йил муддатга Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасининг 50 фоизига тенг бўлган фоизли ставкада ссуда тариқасида ажратилади;

ипотека кредити бўйича биринчи беш йил ниҳоясига етгандан кейинги бутун муддат учун ҳисобланадиган Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасига тенг миқдордаги фоизларнинг 25 фоизи Ўзбекистон ёшлар иттифоқи маблағлари ҳисобига тўланади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

ёш оилалар учун қурилиши тугалланган 1064 та уй-жой қийматининг дастлабки бадал маблағлари учун талаб этилаётган 60 млрд сўм маблағ 2019 йилнинг II чораги якуни бўйича божхона тўловларининг прогноз кўрсаткичларидан ортиқча бажарилган қисми ҳисобига;

2116 та уй-жой учун ёш оилаларга тўланадиган 72 млрд сўм маблағ Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг асосланган ҳисоб-китобига мувофиқ 2019 йилнинг III чораги якуни бўйича республика бюджетининг прогноз кўрсаткичларидан ортиқча бажарилган қисми ҳисобига ажратилишини таъминлайди.

2020 йилдан бошлаб қуриладиган уй-жойлар учун:

дастлабки бадаллар ҳамда кредит бўйича биринчи беш йилдан кейинги фоиз тўловлари ёш оилаларнинг ўз маблағлари ҳисобига амалга оширилади; 

кредитдан фойдаланишнинг биринчи 5 йили давомида ҳар йили фоиз ставкаси қатъий белгиланган 7 фоиздан қайта молиялаштириш ставкаси даражасигача босқичма-босқич ошиб борадиган ставкада ва кейинги даврда қайта молиялаштириш ставкасида белгиланади.

Мавзуга оид