Ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишда қатор янгиликлар кутиляпти
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.
Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 28 августда қабул қилинган 667-I–сон Қонуни билан амалга киритилган “Давлат ер кадастри тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади:
13-модда қуйидаги таҳрирда баён этилади:
“13-модда. Ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш
Ер участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини, ер участкаларини ижарага олиш ҳуқуқини, ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини, шунингдек, ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқини, шу жумладан сервитутлар тўғрисидаги битимларни ва бошқа чекловларни ҳамда ушбу ҳуқуқларнинг бекор қилинишини давлат рўйхатидан ўтказиш кўчмас мулкка (ер участкалари, бино ва иншоотлар, кўп йиллик дов-дарахтларга) бўлган ҳуқуқларнинг ва уларга доир битимларнинг давлат реестрига тегишли маълумотларни киритиш орқали ер участкаси жойлашган туманда (шаҳарда) амалга оширилади.
Ер участкаларидан фойдаланувчи, уларни ижарага олган, унга мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилувчи, шунингдек, мулк қилиб олган юридик ва жисмоний шахслар ер участкаларига бўлган ўз ҳуқуқини белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказишлари шарт.
Ер участкасига бўлган ҳуқуқларнинг юзага келиши, ўзгага ўтиши, чекланиши ва бекор қилиниши давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим. Ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни рўйхатга олганлик учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиш йиғими ундирилади.
Юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини давлат рўйхатдан ўтказиш ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар тўғрисидаги зарур ҳужжатлар илова этилган ариза келиб тушган пайтдан эътиборан икки кун муддатда Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастр давлат қўмитасининг “Ўздаверлойиҳа” давлат илмий-лойиҳалаш институти томонидан амалга оширилади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Ер участкасига бўлган ҳуқуқларнинг юзага келиши ва бошқа шахсга ўтиши давлат рўйхатидан ўтганлик тўғрисидаги кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестридан электрон кўчирма берилади.
Ер участкасига бўлган, белгиланган тартибда юзага келган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилгандан сўнг кучга киради”;
15-модда қуйидаги таҳрирда баён этилади:
“15-модда. Ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш асослари
Ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни белгиловчи, ўзгартирувчи ёки бекор қилувчи ҳужжатлар ана шу ҳуқуқларни давлат рўйхатдан ўтказиш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Ер участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи тегишинча туман(шаҳар), Тошкент шаҳри, вилоятлар ҳокимлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ер бериш тўғрисидаги қарорлари асосида рўйхатдан ўтказилади.
Ерларни ижарага олиш ҳуқуқи ер участкасини ижарага олиш шартномаси асосида рўйхатдан ўтказилади.
Ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқи бундай ҳуқуққа оид давлат ордери, олди-сотди шартномалари ва ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқи юзага келишига асос бўладиган, қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳужжатларга асосан рўйхатдан ўтказилади.
Бинога, иморатга ва иншоотга ва бошқа кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқи бошқа шахсга ўтиши натижасида юзага келган ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи ана шу мулкларнинг олди-сотдиси, алмаштирилганлиги тўғрисидаги тегишли шартномалар, ҳадя этилганлиги, васият қилинганлиги ҳақидаги ер участкасига оид тегишли битимлар асосида рўйхатдан ўтказилади.
Сервитутлар тўғрисидаги битимлар ҳамда ер участкаларидан фойдаланиш, уларни ижарага олиш, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш, мулк ҳуқуқларига доир бошқа чеклашлар тегишли шартномалар, суднинг қарорлари асосида рўйхатдан ўтказилади”;
16-модда қуйидаги таҳрирда баён этилади:
“16-модда. Ер участкасига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш учун асослар
Ер участкасига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:
давлат рўйхатидан ўтказиш органида мазкур ер участкасининг кимга тегишли эканлиги тўғрисида низо борлигидан далолат берувчи ҳужжатларнинг мавжудлиги;
давлат рўйхатидан ўтказиш органида мазкур ер участкаси қонунда белгиланган тартибда олиб қўйилганлиги тўғрисидаги маълумотларнинг мавжудлиги;
жойида ўтказилган ўрганишлар ва текширишлар жараёнида ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатининг аниқланиши.
Ер участкасига бўлган ҳуқуқларни ва ер участкаларига оид битимларни давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилганлиги ёки рўйхатдан ўтказиш муддатларининг бузилганлиги юзасидан белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкин”;
17-модда қуйидаги таҳрирда баён этилади:
“17-модда. Ер майдонларининг миқдорини ва сифатини ҳисобга олиш
Ер майдонларининг миқдори ва сифати уларнинг ҳақиқий ҳолати ва улардан фойдаланилишига қараб, ер участкалари ва майдонлари, маъмурий ҳудудий бирликлар кесимида Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйича ҳисобга олинади.
Ер участкалари бўйича ер майдонлари миқдори ер участкаларининг ўлчами, уларнинг қиймати ва талаб қилинадиган ўлчаш аниқлигига қараб, геодезик ва (ёки) картометрик усулларда ҳисобга олинади.
Ер майдонлари миқдори ер участкалари доирасида асосан картометрик усулда ҳисобга олинади.
Ерларнинг сифатини ҳисобга олиш табиий-қишлоқ хўжалиги бўйича районлаштиришни, тупроқ ва ерларни таснифлашни, уларни агрономик, экологик, технологик ва шаҳарсозлик белгилари бўйича тавсифлашни, тупроқни гуруҳларга ажратишни ўз ичига олади.
Ер майдонларининг миқдорини ва сифатини ҳисобга олиш асосий ва жорий турларга бўлинади.
Ерларни ҳисобга олишнинг асосий тури (ер участкаларини хатловдан ўтказиш) жойнинг ўзида ер участкаларининг ва майдонларининг чегаралари, жойлашган ўрни, ҳолати ва улардан фойдаланиш хусусиятига доир ўзгаришлар тўпланганлигига қараб даврий равишда ўтказилади, бунда ерларнинг план-картографик асоси тегишли масштабларда янгиланиши, тупроқ, геоботаник ва бошқа хил изланиш ва тадқиқотлар ўтказилиши шарт.
Ерларнинг жорий ҳисоби кадастр ҳужжатлари ва маълумотларининг тўғри бўлишини таъминлаш мақсадида юритилади, бунда ерларнинг ҳуқуқий,миқдорий, сифат ҳолатларида ва улардан фойдаланиш борасида юз берган ўзгаришлар аниқланади ҳамда рўйхатдан ўтказилади. Давлат ер кадастрини юритиш вазифаси юклатилган тегишли органларга ер участкаларидан фойдаланувчилар, ер участкаларининг ижарачилари, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилувчилари ва мулкдорлари содир бўлган ўзгаришлар тўғрисида бир ой муддатда ахборот беришлари шарт.
Ерларнинг ўлчами, жойлашган жойи, ер турлари ва сифат ҳолатига оид қайд этиладиган маълумотлар ерни ҳисобга олиш ахборотини ташкил этади”;
19-модда қуйидаги таҳрирда баён этилади:
“19-модда. Ерларнинг қиймат баҳоси
Барча тоифадаги ерларнинг қиймат баҳосини чиқариш натура ва қиймат кўрсаткичлари тизими ёрдамида амалга оширилади.
Турли мақсадларга мўлжалланган ерлардан фойдаланиш самарадорлиги даражасини аниқлаш, ер учун тўланадиган ҳақ ва унинг норматив баҳосини ҳисоблаб чиқариш, ерларни кимошди савдоси асосида реализация қилиш пайтида бошланғич баҳосини белгилаш учун ерларнинг қиймат баҳоси аниқланади.
Ерларнинг қиймат баҳосига доир маълумотлар ер баҳосига оид ахборотни ташкил этади”;
20-модда қуйидаги таҳрирда баён этилади:
“20-модда. Туман (шаҳар) ер кадастри дафтари
Туман (шаҳар) ер кадастри дафтари ерларни ҳисобга олиш ва уларни баҳолаш бўйича асосий ҳужжат бўлиб, ер участкасининг жойлашган жойи, қайси мақсадда фойдаланишга мўлжалланганлигини, ер участкасидан фойдаланиш, ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқларини, шунингдек, ер участкасига бўлган мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳамда мулк ҳуқуқларини аниқлаш учун зарур бўлган маълумотларни ўз ичига олади, у ер участкалари майдонининг миқдор ва сифат ҳолати ҳамда қиймати тўғрисидаги асосий ахборот манбаи ҳисобланади.
Ер кадастри дафтарининг маълумотлари ерлардан фойдаланиш, уларни муҳофаза қилиш, ерларни давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ва бериш, ер учун ҳақ тўлаш миқдорини аниқлашда, ер тузишда, хўжалик фаолиятини баҳолашда ҳамда ерлардан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган бошқа чора-тадбирларни амалга оширишда фойдаланилади.
Ер кадастри дафтари махсус ишлаб чиқилган дастурий маҳсулот бўйича компьютерда электрон шаклида ер фондининг тоифалари, кичик тоифалари ва турлари, ҳар бир ердан фойдаланувчиларнинг ер майдонлари контурлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг “Ўздаверлойиҳа” давлат илмий-лойиҳалаш институти томонидан бюджет маблағлари ёки бошқа манбалар ҳисобидан юритилади. Ер участкаларининг фойдаланувчилари, чегаралари, майдони, ер турлари, сифати ва қиймати тўғрисидаги ўзгаришлар ер кадастри дафтарига мунтазам равишда киритиб борилади ва жорий йил давомида ҳар қандай муддатга ер тўғрисида аниқ маълумотлар бўлиши таъминланади.
Ер кадастри дафтарининг маълумотлари йил якуни бўйича қоғоз шаклида фойдаланиш ва сақлаш учун босиб чиқарилади, тегишли имзолар билан расмийлаштирилади ва махсус йиғмажилд сифатида сақланади.
Ер кадастри дафтарининг тузилиши, мазмуни ва уни юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади”.
Мавзуга оид
11:09 / 08.11.2024
Андижонда коттежлар қуриш учун ер ҳужжатини расмийлаштириб бериш эвазига 230 минг доллар талаб қилган шахс ушланди
10:19 / 08.11.2024
“Таниш-билиш ўтмайди” – Кадастр агентлиги директори ерга эгалик ҳуқуқини олишда фирибгарларга алданмасликка чақирди
20:28 / 01.11.2024
Фермер энди ерга ижара ҳуқуқини сотиши мумкин – саволларга жавоблар
14:20 / 24.10.2024