Ўзбекистон | 15:37 / 14.09.2019
51926
2 дақиқада ўқилади

Блогер Сенатга тўй кортежларидаги автомобиллар сони бўйича таклиф берди

Бугун Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик Палатаси ва Сенати Кенгашининг қўшма мажлисида «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарор лойиҳаси муҳокамаси ўтказилиб, муҳокама якунида қарор бир овоздан маъқулланди. 

Муҳокамада блогер, ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев никоҳни давлат рўйхатидан ўтказиш, келин-куёвларнинг тўйхонага келиши ва кетиши билан боғлиқ тадбирларда 3 тадан кўп бўлган енгил автомашиналар иштирок этишига йўл қўйилмайди, деган мазмундаги янгиликка ўз фикрларини билдирди.

«Қарор эълон қилингандан сўнг жамоатчилик қандай фикр билдиришини ўйлаб кўриш зарур. Мисол учун, кортежлар масаласида ҳам ўз-ўзидан савол туғилади. Нега 4 ёки 5 та эмас, айнан 3та?» - дея савол билан мурожаат қилди Хушнудбек Худойбердиев.

Блогернинг маълум қилишича, унинг тўйида ҳам айнан 3 та енгил автомашина иштирок этган. 

«Бу билан мен ҳеч нарса ютқазганим йўқ. Ёки шахсий ҳаётимга ҳам ҳеч қанақа таъсирини сезмадим. Шунинг учун чекловни қўллаб-қувватлайман. Фақат ушбу бандга мантиқий асосланган изоҳ берилиши керак.

Ҳисоб-китоб қиладиган бўлсак, битта машина келин-куёв учун ажратилса, яна бири фотограф ва оператор учун ажратилади. Куёвнинг 2-3 нафар ўртоғи ва келин дугоналарининг ҳам келин-куёв билан бирга юришини инобатга олиб, уларга ҳам алоҳида-алоҳида машина ажратилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Негаки, келин дугоналарига бегона куёвнинг ўртоқлари билан битта машинада ўтириш ноқулай бўлиши мумкин», - дея фикрларини изоҳлади Хушнудбек Худойбердиев. 

Унинг қўшимча қилишича, битта машина билан жуда катта нарса ўзгармаслиги мумкин. Лекин чекловни мантиқий асослашнинг имкони бўлади.

Сенат раиси Танзила Норбоева ушбу таклиф, албатта, кўриб чиқилишини маълум қилди. 

Мавзуга оид