Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 17 сентябрь куни саноатни жадал ривожлантириш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ва кўламини кенгайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди

Мамлакатимизда фаол инвестиция сиёсати юритилаётгани, ташқи савдо ва валюта операциялари эркинлаштирилгани натижасида соғлом рақобат муҳити, ҳақиқий бозор иқтисодиёти шаклланмоқда. 

Йиғилишда Ўзбекистон саноатини замон талаблари асосида ривожлантириш, маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш ва турини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

«Экспортбоп ва импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш, юқори қўшилган қиймат яратишга йўналтирилган саноат сиёсатини юритишимиз зарур. Мавжуд хомашё ва имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда, маҳаллийлаштириш даражасини чуқурлаштириш ва кўламини кескин кенгайтириш ушбу саноат сиёсатининг негизи бўлиши керак», – деди давлат раҳбари.

Президентнинг жорий йил 24 августдаги қарорида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноат тармоқларида кооперация алоқаларини жадаллаштиришнинг янги тизимини жорий этиш белгиланган эди. Йиғилишда ушбу тизимнинг самарали ишлашини йўлга қўйиш бўйича топшириқлар берилди. Маҳаллийлаштиришни кенгайтиришга қаратилган энг муҳим йўналишлар кўрсатиб ўтилди. 

Тармоқлар ва йирик корхоналарда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳамда саноат кооперациясини кенгайтириш масаласи муҳокама қилинар экан, жорий йилнинг ўтган даврида янги лойиҳалар доирасида бор-йўғи 1 миллиард долларлик маҳаллийлаштирилган маҳсулот ишлаб чиқарилгани қониқарсиз деб баҳоланди. Бу борадаги ишлар суст ташкил этилган «Ўзмахсусмонтажқурилиш» акциядорлик компанияси, «Ўзёғмойсаноат» уюшмаси, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти каби корхоналар фаолияти танқид қилинди. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 1 майдаги «Саноат кооперациясини янада ривожлантириш ва талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар, хомашё ва материалларнинг янги турларини ўзлаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар таҳлил қилинди.

Вазирлар Маҳкамаси, Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича амалий чоралар кўриш, электрон кооперация порталини тезроқ ишга тушириб, саноат маҳсулотлари етказиб бериш шартномаларини электрон тузиш кўламини кенгайтириш вазифаси қўйилди.