Чимкентда ўзбекистонлик талабалар маҳаллий ёшлар томонидан калтакланаётгани хабар қилинди. ТИВ махсус маълумот билан чиқди
Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги дипломатик ваколатхоналари берган маълумотга кўра, 2019 йил 21 сентябрь куни Чимкент шаҳридаги Минтақавий ижтимоий-инновацион университетда Ўзбекистон элчиси Саидикром Ниёзхўжаев, Чимкент шаҳар ҳокимлиги вакиллари, Университет ректори Сандибай Боранбаев, Қозоғистон Халқ ассамблеяси раиси ўринбосари Шерзод Пулатов, Қозоғистон Халқ ассамблеясининг Чимкент шаҳри бўйича раиси ўринбосари Мурадали Халмурадов, Қозоғистон Республикаси ўзбекларининг «Дўстлик» этномаданий бирлашмалари ассоциацияси раиси Икром Ҳошимжонов иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.
Чимкент шаҳрида таълим олаётган Ўзбекистон фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш, қоидабузарларга қонуний чоралар кўриш ва келажакда нохуш ҳодисаларнинг олдини олиш учун зарур профилактика тадбирларини ўтказиш борасида кўриладиган чоралар муҳокама қилинди, дейилади ТИВ хабарида.
Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги Элчихонаси ва Олмаота шаҳридаги Бош консулхонаси (Чимкент шаҳри унинг консуллик округига киради) вазиятни назоратга олган. ТИВнинг топшириғига биноан Бош консулхона вакиллари шаҳарда бўлиб турибди, ҳудуд ва Университет раҳбариятлари, ўзбекистонлик талабалар билан алоқа ўрнатилган. Мамлакатдан борган талабаларга уларнинг дипломатик ваколатхона ҳимоясида эканлиги тушунтирилган.
Қайд этилишича, барча мавжуд муаммолар Чимкент шаҳри маҳаллий ҳокимияти билан биргаликда ҳал қилинади. Маҳаллий ҳокимият дипломатик ваколатхона фаолиятига ҳар томонлама ёрдам кўрсатмоқда.
Бундан олдин, ижтимоий тармоқларда Қозоғистонинг Чимкентдаги Академик-инновацион университетда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар маҳаллий аҳолининг тазйиқига учраётгани ҳақида мурожаат пайдо бўлганди.
Консуллик-ҳуқуқий департаменти Қозоғистоннинг Олмаота ва Чимкент шаҳарлари, Олмаота, Шарқий Қозоғистон, Туркистон, Жамбил ва Қизилўрда вилоятлари ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари зарур ҳолларда мамлакатнинг Олмаота шаҳридаги Бош консулхонасига қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатган: +7-727-299-20-70, +7-727-390-26-16.
Мавзуга оид
18:55 / 03.09.2024
Қозоғистон жанубидаги «авария»да Ўзбекистон фуқаролари жабрланди
09:20 / 30.12.2023
Чимкент шаҳрида Ўзбек тили ва маданияти маркази очилди
18:22 / 23.12.2023
Кетма-кет 11 қурбон: умрбод қамалган “киракаш” синфдошларнинг серияли қотилликлари
08:34 / 31.05.2023