Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи доирасида 18 сентябр куни янги лойиҳаларни ишга тушириш ва қурилишига старт бериш маросимида иштирок этди.

Тадбир доирасида 592 миллион долларлик 11 та лойиҳа ишга туширилди ҳамда хорижий ҳамкорлар иштирокида амалга ошириладиган 7 миллиард долларлик 47 та янги лойиҳа қурилишига старт берилди. Уларнинг ҳисобига 8 мингта юқори даромадли иш ўрни яратилади.

Хусусан, Қораўзак туманида умумий қуввати 300 мегаватт бўлган иккита шамол электр станцияси ва 100 мегаваттли электр энергиясини сақлаш тизими ишга туширилди.

Ишга туширилган объектлар қаторида Нукус шаҳрида Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда барпо этилган Шайх Халифа номидаги шифохона бор. Қиймати 27 миллион доллар бўлган 100 ўринли муассаса замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланган. Бу ерда 80 та иш ўрни яратилди.

Қорақалпоғистон илмий-амалий тиббиёт академияси ҳам ҳудудда тиббий хизмат сифатини ошириш ва мутахассислар малакасини ривожлантиришга хизмат қилади.

Рақамли инфратузилмани ривожлантириш йўналишида Тахиатош туманида “Linkwise” корхонасининг 150 миллион долларлик модулли интеллектуал ҳисоблаш марказининг биринчи босқичи ишга туширилди.

Нукус шаҳрида жамоат транспортини яхшилашга қаратилган 20 миллион долларлик лойиҳа ҳам иш бошлади. 25 та автобус ва электробус олиб келинган бўлиб, йил якунига қадар қўшимча 75 та электробус келтирилади. Лойиҳада 200 та иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.

Қурилиши бошланаётган лойиҳалар энергетика, рақамли иқтисодиёт, саноат, транспорт, тиббиёт ва хизмат кўрсатиш соҳаларини қамраб олган.

Қўнғирот туманида Саудия Арабистонининг “ACWA” компанияси билан ҳамкорликда қиймати 2,6 миллиард доллар бўлган 1,5 гигаваттли йирик шамол электр станциясини қуриш ва ягона энергетика тизимига улаш ишлари фаол босқичга ўтмоқда. Лойиҳа доирасида 1,5 минг километр юқори кучланишли магистрал электр тармоғи тортилади, 500 киловольтли учта подстанция қурилади ва яна иккитаси модернизация қилинади.