15 сентябр куни кечқурун Испания Ла Лигаси 6-тури доирасида навбатдаги учрашув ўтказилди – «Элче» Мадриднинг «Реал» клубини қабул қилди. Майдонга чиқишдан олдин футболчиларга кўксига Todos somos caballas, яъни «Барчамиз – скумбриялармиз» (Сеута аҳолиси ўзини шундай атайди) ёзуви туширилган футболкалар тарқатилди. Бу акциядан мақсад – Испаниянинг Марокашдан келган мигрантлар оқими сабабли кенг кўламли инқироз билан тўқнашган эксклави аҳолисини қўллаб-қувватлаш эди.
Ўйиндан олдин футболчилар чиқиб келадиган туннелда ёзиб олинган тасвирларга кўра, «Реал» футболчилари аввалига бундай футболкаларни кийиш борасида бир қарорга кела олмаган – рақиб футболчилари тўлиқ таркибда шундай футболкаларда саф тортиб турганида, мадридликлар ҳали ҳам бу масалани муҳокама қилаётганди. Жозе Моуринио бунга истеҳзо билан муносабат билдиради ва бошини чайқаганча нари кетади. «Реал» техник ходими футболкаларни тарқатишга киришганида эса Килиан Мбаппе уни туртиб юбориб, ҳайдамоқчи бўлади. Винисиус ҳам оғзини қўллари билан ёпганча Камавинга билан бу масалани муҳокама қилади.
Якунда жамоа сардори Феде Валверде вазиятга аралашиб, барчани бу ишни қилишга кўндиради ва барча футболкаларни кийган ҳолда майдонга чиқиб келади. Аммо уч футболчи – Килиан Мбаппе, Винисиус (улар энг охирги бўлиб кийишган) ва Ибраима Конате ёзувлар тўлиқ кўринмаслиги учун футболкаларни фақат ярмигача кийганди ва буни охиригача тўғрилашмайди. Мбаппе ва Винисиус фотосессиядан кейин дарҳол футболкаларни ечиб ташлашган.

Ўйиндан кейин Мбаппедан бу борада изоҳ сўралганида, у нафақат Сеута аҳолиси, балки ҳалок бўлган ёки даҳшатли шароитларда яшашга мажбур бўлаётган мигрантлар билан ҳам бирдамлигини айтган. «Мен Сеута ва барча қурбонлар билан бирдамлигимни изҳор этаман […] Чунки мен нафақат футболчи, аввало инсонман», – деган «Реал» ҳужумчиси.
Goal.com нашри аноним манбаларга таяниб ёзишича, бундай ёзувли футболкалар Испания лигаларидаги барча клубларга тарқатилган – бу футболкаларни кийган ҳолда майдонга чиқиш қарори клубларнинг ўзига қолдирилган. Хусусан, «Барселона» аввалига шу тур доирасида «Расинг»га қарши кечган ўйинда Сеута аҳолисини қўллаб-қувватлаш учун футболкаларни кийиб чиқмоқчи бўлган, аммо ўзининг асосий юлдузи Ламин Ямалнинг эҳтимолий реакциясини ҳисобга олган ҳолда, фикрини ўзгартирган. Унинг отаси – марокашлик, Ямал ҳам Марокаш миллий жамоаси сафида ўйнаши мумкин эди, аммо якунда Испанияни танлаган.
Мбаппе, Конате ва Винисиуснинг хатти-ҳаракатлари Испания ва Францияда сиёсатчилар томонидан катта эътирозларга сабаб бўлди. Консерватив ва ўта ўнг партиялар футболчиларнинг ҳаракатларини испан халқи ва умуман Европага нисбатан ҳурматсизлик сифатида баҳолаб, уларни танқид қилди. Бундан ташқари, ўнг қанотга мансуб бўлган мухлислар, жумладан, «Реал»нинг ҳам шундай мухлислари гуруҳи футболчилардан узр сўрашни талаб қилмоқда.

















