Бухоро вилояти, Ғиждувон тумани маркази вилоятдаги энг гавжум ҳудудлардан бири ҳисобланади. Тобора йирик савдо марказига айланаётган бу туманга қўшни туманлар, ҳаттоки вилоятлардан ҳам кўплаб харидорлар мунтазам қатнайди.
Шу кунларда Ғиждувон туман марказига борган киши катта тартибсизликларга гувоҳ бўлади. Бозор бошқа жойга кўчирилиб, ўрнида қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Бу эса аввалдан гавжум бўлган ҳудудда тартибсизликларни янада кўпайтирган.


Айтиш жоизки, аввалдан ҳам бозор бўладиган кунларда шундай ҳолларни кузатиш мумкин эди. Афсуски, бир неча йиллардан буён бу муаммо ҳал этилмай келинмоқда. Бу эса кўплаб ҳақли эътирозларга сабаб бўляпти.


Хусусан, туман марказидаги кўчанинг маълум қисмида кийим-кечаклар ва озиқ-овқат, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари антисанитар ҳолатда сотилмоқда. Кўчанинг деярли ярмигача ҳам савдогарлар томонидан эгаллаб олинган. Бу эса шундоқ ҳам тирбанд бўладиган тор кўчада ҳаракатни янада қийинлаштирган.


Ачинарлиси, айни вақтда туман марказидаги ҳар қадамда чиқиндиларни учратиш мумкин. Озодаликка умуман эътибор қилинмай қўйилган. Бу ҳолатлар туман мутасаддилари томонидан эътиборсиз қолдирилмоқда.


Албатта, мутасаддилар бу каби тартибсизликни туман озиқ-овқат ва деҳқон бозори ҳудудида олиб борилаётган қурилиш ишлари билан изоҳлайди. Аммо қурилиш олиб борилаётган ҳудуд ўраб қўйилган.
Кўчанинг бир қисмини эгаллаб олиб, савдо қилаётганлар нега тартибга солинмаяпти? Нега маҳсулотларнинг антисанитар ҳолатда сотилишига йўл қўйилмоқда? Чиқиндилар нега олинмаяпти?




















