Япониянинг Нагоя шаҳрида XX ёзги Осиё ўйинлари футбол турнири давом этмоқда.

Ўзбекистон U23 терма жамоаси гуруҳ босқичининг иккинчи ўйинини Кувайтга қарши ўтказиб, 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Иккала гол ҳам биринчи таймда Сардор Баҳромов томонидан урилди. Иккинчи тайм аввалида Рўзибой Файзуллаев майдондан четлатилди, бироқ ўзбекистонликлар ишончли тарзда ҳимояланиб, керакли ҳисобни ушлаб қолди.

photo_2026-09-18_15-58-27
ЎФА
Сардор Баҳромов

Ушбу ғалабадан кейин бош мураббий Равшан Ҳайдаров шогирдлари ҳисобидаги очколар сони 6 га етди ва жамоа муддатдан аввал чоракфиналга чиқди. Биринчи турда ўзбекистонликлар Филиппинни 5:1 ҳисобида доғда қолдирган эди.

Гуруҳнинг яна бир ўйинида Вьетнам худди шу ҳисобда Филиппинни енгди ва 4 очко тўплади. Ўзбекистон ёшлари гуруҳ ғолибини аниқлаб берувчи якуний ўйинни 22 сентябрда Вьетнамга қарши ўтказади.

Осиё ўйинлари футбол турнирида 15 та жамоа тўртта гуруҳга ажратилган. Гуруҳда 1- ва 2- ўринни эгаллаган жамоалар плей-офф босқичига йўл олади. Регламентга кўра, жамоалар 23 ёшгача бўлган футболчилардан иборат таркиб, шунингдек, 23 ёшдан катта 3 нафар футболчи билан иштирок этиши мумкин. Ўзбекистон терма жамоаси турнирда 21 ёшгача бўлган таркиб билан иштирок этмоқда. Бу Лос-Анжелес - 2028 олимпиадаси саралашида қатнашувчи жамоанинг етарлича тажриба тўплаши мақсадида қилинди.

Осиё ўйинлари футбол турнири 1990 йилдан буён ўтказилади. Турнирда Эрон ва Жанубий Корея 3 мартадан ғолиб бўлган. Шунингдек, Ўзбекистон (1994 йилда), Қатар ва Япония ҳам олтин медалларни қўлга киритган.

Осиё ўйинлари 2026, С гуруҳи, 2-тур, Нагоя, 18 сентябр

Ўзбекистон U23 – Кувайт U23 2:0

Голлар: Сардор Баҳромов (6, 36)

Ўзбекистон: Самандар Муратбаев, Саидхон Ҳамидов, Дилшод Муртазоев, Ғиёсжон Ризақулов, Равшан Хайруллаев, Сардор Баҳромов (Оллаберган Каримов 46), Саидумархон Саиднуруллаев (Шодиёр Шодибоев 71), Муҳаммадали Ўринбоев (Қувончбек Хушвақтов 59), Асилбек Жумаев (Диёр Абдуназаров 87), Азизбек Тўлқинбеков, Рўзибой Файзуллаев.

Четлатиш: Рўзибой Файзуллаев (иккинчи сариқ, 48).