Бокс бўйича жаҳон чемпионатида умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни олган Ўзбекистон терма жамоасининг совриндор боксчиларига «Chevrolet Tracker», «Chevrolet Gentra» ва «Chevrolet Nexia» автомобиллари совға қилинди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Тақдирлаш маросими бугун, 30 сентябрь куни Тошкентдаги Олимпия шон-шуҳрати музейида бўлиб ўтди. Унда совриндор боксчиларга автомобиллар, терма жамоанинг бошқа аъзолари, мураббийлари ва Ўзбекистон бокс федерацияси ходимларига пул мукофотлари сертификатлари топширилди.
Тақдирланганлар мукофотларни Бош вазир ўринбосари, Ўзбекистон бокс федерацияси раиси Очилбой Раматовдан қабул қилиб олишди.




«Олдимизда ҳали жуда кўп масалалар турибди. Вазифанинг 30 фоизини бажардик, десак ҳам бўлади. Яна 30 фоиз иш бажариш учун лицензия олиш керак. Сўнг олимпиадада қатнашиб, олтин медалларни олиб келишингиз лозим», – деди тадбир аввалида сўз олган Раматов.

























