Ўзбекистон | 01:12 / 01.10.2019
71022
2 дақиқада ўқилади

Марказий сайлов комиссияси Фарғона вилояти ҳокимининг сўзларига муносабат билдирди

Фото: KUN.UZ

Ижтимоий тармоқларда жамоатчилик томонидан кенг муҳокамага сабаб бўлган Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг сайловлар тўғрисидаги фикрлари Марказий сайлов комиссиясининг Халқаро матбуот маркази муносабат билдирди.

Эслатиб ўтамиз, Ш.Ғаниев ўзи ўтказган йиғилишда «Тўрт кундан кейин сайловлар турибди. Сайловларда ҳам ким депутат бўлади? Мана шу масалаларда ўзини кўрсатган одамлар депутат бўлади», деган.

«Мазкур ҳолат юзасидан Марказий сайлов комиссияси шуни маълум қиладики, ижтимоий тармоқларда тарқалган аудиоёзувларда акс этган фикрлар Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг шахсий фикри бўлиб, у юридик асосга эга эмас.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 3-моддасига кўра сайлов умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш орқали ўтказилади.

Кодекснинг 4-моддасига кўра, сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадир. Шундан кўриниб турибдики, ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролар сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган муносиб номзодларни сайлайдилар.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 37-моддасига биноан, Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод, маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзод кўрсатиш ҳуқуқига сиёсий партиялар эгадир.

Таъкидлаш жоиз, жорий йилда бўлиб ўтадиган сайловлар очиқ ва ошкора, халқаро нормаларга асосланган холда ўтказилади.

Унутмайлик, 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловларда муносиб номзодларни Халқ сайлайди», — дейилади Марказий сайлов комиссиясининг Халқаро матбуот маркази муносабатида.

Мавзуга оид