Кеча, 2 октябрь куни «Tashkent book fest – 2019» I Тошкент халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси ўз ишини бошлади. Унда миллий ва халқаро нашриёт вакиллари, соҳада фаолият юритаётган мутахассислар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этмоқда.
Жумладан, Буюк Британия, Германия, Жанубий Корея, Россия, Туркия, Қозоғистон ва Қирғизистон давлатларининг 18та нашриёти ва 30дан ортиқ маҳаллий нашриётлар ўз китобларини жамоатчиликка намойиш қилмоқда.
Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов халқаро китоб кўргазмасини ташкил этишдан кўзланган мақсад ва унинг натижалари ҳақида гапирди.

«Кўргазма-ярмарканинг асосий мақсади – китоб ва мутолаани тарғиб қилиш, иштирокчи давлатларнинг адабий меросини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, мутолаа маданиятини шакллантириш, жаҳон босма саноати тажрибасини ўрганиш ва нашриётлар ҳамда китоб тарқатувчилар, ахборот-кутубхона муассасалари ва китоб-мутолаа масалаларига масъул ташкилотлар ўртасида халқаро алоқаларни ўрнатишдан иборат», деди у.
Очилиш маросимида сўзга чиққан хорижий меҳмонлар ҳам Ўзбекистонда китобхонлик ва китоб ноширлиги соҳасидаги олиб борилаётган ишларни юқори баҳолашди. Хусусан, Қозоғистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Тил сиёсати Қўмитаси раиси Галимжан Мельдешов Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев илгари сурган «Бешта ташаббус» ва унинг доирасида ёшлар маънавиятини юксалтириш ва китобхонликни кенг тарғиб қилиш борасида қилинаётган ишлар қўшни давлатда ҳам ижобий таассурот уйғотаётганини таъкидлади.

Германиянинг Klett нашриёти ходими Сандра Рамспергернинг фикрича, кўргазма меҳмонлари немис тилидаги китобларга ва герман тилига қизиқиш билан қарамоқда.
«Таъкидлаш жоизки, нашриётимиз Германиянинг энг яхши мактаб нашрларини чоп этади. Бундан ташқари, турли хорижий тиллардаги китобларни ҳам босмадан чиқарамиз», - дейди у.

Ярмаркада иштирок этаётган адабиётшунос Шуҳрат Ризаев китоб кўргазмалари бутун дунёда доимий ўтказиб борилиши, уларнинг илк бор Ўзбекистонга ҳам кўчиши эса ижобий ҳодиса эканини, айни мана шундай кўргазмалар билан одамларнинг китобхонликка қизиқиши янада ошиши мумкинлиги ҳақида гапирди.








