2019 йилнинг 4 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (ТТДҲК) бош котиби Боғдод Амреевни қабул қилди.
ТИВ хабарига кўра, суҳбат чоғида Ўзбекистон ва ТТДҲК ўртасидаги муносабатларнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Бош котиб Боғдод Амреев 2009 йилда имзоланган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван Битимини Ўзбекистон томонидан ратификация қилинганини олқишлади. Ушбу воқеа ТТДҲК доирасидаги кўп томонлама ҳамкорлик имкониятларини кенгайтиради ва ташкилот салоҳиятини сезиларли даражада мустаҳкамлайди.
Учрашувда ТТДҲКнинг Боку шаҳрида бўлиб ўтадиган еттинчи Саммитида Ўзбекистон делегацияси иштирокининг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди.

















