Шу йилнинг 20 сентябрь куни Ўзбекистонда Парламент сайловлари кампаниясига старт берилди. Унга кўра, 2019 йилнинг 22 декабрь санаси Ўзбекистонда Олий Мажлис қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловлари куни деб эълон қилинди.

Kun.uz мазкур жараёнларнинг бориши ҳамда партиялар фаолияти борасида батафсил фикрлашиш мақсадида Ўзбекистондаги мавжуд бешта сиёсий партиялар раҳбарлари билан суҳбатларни ташкил этмоқда.

Мазкур лойиҳанинг биринчи меҳмони Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси раҳбари Алишер Қодиров бўлди.

- Маълумки, 2008 йил 20 июнь куни Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси ва «Фидокорлар» миллий демократик партиясининг негизида янги, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси ташкил этилди. 11 йиллик ва агар, партиянинг дастлабки ташкил этилган йилларидан ҳисобланса, 20 йилдан зиёдроқ тарих.

Алишер ака, Партияга раҳбар бўлдингиз. Хўш, сиз бу ерга келгач унинг ривожланиш, ўзгариш босқичларини таҳлил қилиб чиқдингизми? Партия ўз тарихидан то шу кунга қадар қандай йўлларни босиб ўтди ва қайси томонга кетяпти?

- Партиямизнинг ташкил этилгандан буён ғоявий пойдевори ўзгаргани йўқ. «Миллий тикланиш» партияси Ўзбекистондаги барча зиёли қатламни, халқни бугунги кундаги орзу ҳавасларини, мақсадларни, ўтмиш, бугун ва келажакка йўналган ғояларни ифодалайди.

Партиямизда тарихда йўл қўйилган хатолар, миллий ривожланиш йўлидаги муаммоли, инқирозли ҳолатларни чуқур ўрганиб, янгиланаётган Ўзбекистонни қандай кўриш бўйича аниқ режалар бор ҳамда улар партия ғояларида ўз аксини топган.

- Партия раҳбарларининг маблағ етишмовчилиги борасида фикрларини кўп эшитамиз. Нима деб ўйлайсиз, сиёсий партиялар учун кўпроқ маблағ керакми ёки бор маблағлар тартибга солиниши керакми?

- Партия бу – белгиланган ғоя ва уни жамиятда амалга оширишга интиладиган ҳамда бу йўлда бошқарувдаги маълум қудратга эга бўлиш учун курашадиган жамоат ташкилоти.

Албатта, бу жараёнда маблағ муҳим, лекин партияга маблағни ким бериши керак? Амалдаги қонунчилик бўйича ҳар бир партияга парламентдаги депутатлик ўрнига қараб маблағ ажратилади. Бу маблағлар эса партияларнинг худудий кенгашларидаги ходимларини ойлик маошлари ва партия режаларини амалга оширишга ишлатилади.