Қозоғистонда 23 август куни янги таркибдаги Қурултой — мамлакатнинг бир палатали парламентига сайловлар бўлиб ўтди.

Евросиё интеграцияси институти эълон қилган экзитпол натижаларига кўра, «Адилет» («Адолат») партияси 71,8 фоиз овоз билан ишончли етакчилик қилмоқда.

Иккинчи ўринда «Ауыл» партияси бўлиб, уни сайловчиларнинг 6,4 фоизи қўллаб-қувватлаган. Respublica партияси 5,4 фоиз, Умуммиллий социал-демократик партия 5,2 фоиз, «Ак жол» эса 5,1 фоиз овоз олган.

Экзитпол натижалари тасдиқланса, ушбу бешта сиёсий партия янги Қурултойдан ўрин олиши мумкин.

Қозоғистон Халқ партияси 3 фоиз, «Байтак» яшиллар партияси эса 1 фоиз овоз олган. Сайловчиларнинг 2,1 фоизи барча номзодларга қарши овоз берган.

Сайловларнинг расмий якуний натижалари 1 сентябрдан кечиктирмай эълон қилиниши керак.

Сайловда қатнашиш 74 фоиздан ошди

Овоз бериш Қозоғистон бўйлаб 10,4 мингдан ортиқ сайлов участкасида ташкил этилди.

Мамлакат Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, маҳаллий вақт билан соат 20:00 ҳолатида сайловчиларнинг 74,19 фоизи овоз беришда иштирок этган.

Қозоғистон янги парламент тизимига ўтди

Қурултойга сайловлар мамлакатдаги конституциявий ислоҳотлардан кейин ўтказилди. 15 март куни республика референдумида қабул қилинган янги Конституция 1 июлдан кучга кирган.

Янги тартибга кўра, Қозоғистон аввалги парламент тизими ўрнига бир палатали парламент — Қурултойга ўтди. У 145 нафар депутатдан иборат бўлиб, депутатлар ҳар беш йилда сайланади.

Айрим экспертлар сайловдан аввал «Адилет»нинг устунлиги кутилганини таъкидлаган.