Туркия вице-президенти Трампнинг Туркия иқтисодиётини вайрон қилиш тўғрисидаги таҳдидига жавоб қайтарди
Туркия таҳдидлар таъсири остида ўз сиёсатини ўзгартирмайди, деди мамлакат вице-президенти Фуат Ўқтой АҚШ президенти Дональд Трампнинг турк иқтисодиётини йўқ қилиб ташлаш тўғрисидаги таҳдидига жавобан.
Аввалроқ Трамп ўзининг Twitter саҳифасида агар Анқара унинг фикрига кўра, “ҳаддидан ошса”, "Туркия иқтисодиётини вайрон қилиш" билан таҳдид қилганди.
"Бизнинг халқаро ҳамжамиятга мурожаатимиз аниқ: Туркия таҳдидлар таъсири остида иш тутадиган давлат эмас. Биз ўз йўлимизни ўзимиз белгилаймиз ва керак бўлса киндикни ўзимиз кесамиз. Биз нима бўлишидан қатъи назар, чегараларимиз яқинида террорчилик йўлаги яратилишига йўл қўймаймиз. Чегараларимиз тинчлиги ва суриялик биродарларимизнинг келажаги, шунингдек Суриянинг ҳудудий яхлитлиги ва сиёсий бирлиги борасида бизнинг позициямиз ўзгармас бўлиб қолади "деди Ўқтой.
Унинг сўзларига кўра, суриялик 370 минг қочоқ Туркия "Фрот қалқони" ва "Зайтун новдаси" операцияларини ўтказган Сурия шимоли-ғарбидаги ҳудудларга қайтди.
"Энди Фрот шарқида хавфсизлик ҳудудини яратиш навбати келди. Туркия мамлакатимизга жанубий чегаралардан таҳдид солувчи террорчиларни жойига ўтқазиб қўяди ва суриялик қочоқларнинг ўз ватанларига қайтишига ёрдам беради", деб қўшимча қилди Туркия вице-президенти.
Вашингтон аввалроқ АҚШ ҳарбийлари Туркиянинг Сурия шимолидаги ҳарбий операцияларида қатнашмаслигини билдирганди.