2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда консолидациялашган бюджети танқислиги ЯИМга нисбатан 0,7 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров 15 сентябр куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳисобот даврида иқтисодий ўсиш 8,5 фоизни ташкил этган. Бунда бозор хизматлари 16,9 фоиз, қурилиш 13,3 фоиз, саноат 8 фоиз ва қишлоқ хўжалиги 4,7 фоизга ошган.
Январ-июн ойлари давомида давлат бюджети даромадлари 207 трлн сўмга етган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 43,7 фоизга ёки 63 трлн сўмга кўп. Даромадларнинг 149 трлн сўми Солиқ қўмитаси тушумлари, 41 трлн сўми сўми эса божхона тушумлари ҳиссасига тўғри келади.
Биринчи ярим йилликда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича тушумлар 18,5 фоизга, ҚҚС бўйича тушумлар 21 фоизга, акциз солиғидан тушумлар 12 фоизга, мол-мулк ва ер солиқлари бўйича тушумлар эса 25,5 фоизга ошган. Энг катта ўсиш фойда солиғи бўйича тушумларда кузатилган — 2,3 баробар. Бу олтин нархи прогноз қилинганидан юқори бўлгани ҳамда таннархни пасайтириш ҳисобига корхоналарнинг молиявий натижалари яхшилангани билан изоҳланган.
2026 йилнинг дастлабки 6 ойида давлат бюджети харажатлари қарийб 206 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 32 трлн сўмга кўпайган.
Хусусан, таълим соҳасига 49,5 трлн сўм ажратилган. Бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 5,4 трлн сўмга кўп. Шунингдек, соғлиқни сақлашга 23 трлн (+2,8 трлн), спортга 2 трлндан кўпроқ пул йўналтирилган.
Ҳисобот даврида қишлоқ ва сув хўжалигига 8 трлн сўмдан ортиқ маблағ, нафақалар, моддий ёрдам ва компенсацияларга қарийб 7,3 трлн сўм ажратилган.
Биринчи ярим йиллик якунларига кўра, консолидациялашган бюджет даромадлари 287,2 трлн сўмни, харажатлари эса 301,2 трлн сўмни ташкил этди. Бюджет дефицити 13,9 трлн сўм ёки ЯИМга нисбатан 0,7 фоиз даражасида шаклланди. Таққослаш учун, 2025 йилнинг мос даврида тақчиллик 32,6 трлн сўм ва 1,8 фоизни ташкил этганди.

















