Полша бош вазири Доналд Туск 17 сентябр куни Украина ҳудудида, Полша чегарасига жуда яқин жойда янги кучли портлаш содир бўлганини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ҳодиса Дорохуск чегара пункти яқинида рўй берган ва эҳтимол, ёқилғи қуйиш шохобчаси нишонга олинган.
Туск портлаш жуда кучли бўлганини қайд этди. Ҳужум муносабати билан Полша ҳарбий авиацияси қирувчи самолётларни ҳавога кўтарган.
Полша Қуролли кучлари оператив қўмондонлиги маълумотига кўра, гап реактив двигателли учувчисиз учиш аппарати ҳақида кетмоқда. Дрон Украина ҳудудида, Полша–Украина чегарасидан тахминан 4 километр масофада нишонга урилган ёки ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари томонидан уриб туширилган бўлиши мумкин.
Украина Давлат чегара хизмати чегара ўтказиш пунктининг ўзи ҳужум оқибатида зарар кўрмаганини маълум қилди.
Ҳужум фонида Полшанинг Люблин ва Карпатости воеводаликлари аҳолиси ҳукумат хавфсизлик марказидан огоҳлантирув хабарларини олган. Люблин ва Жешув аэропортлари эса парвозларни вақтинча тўхтатган.
Туск эҳтимолий ҳужумлар ҳақида огоҳлантирди
Ўша куни Полша парламентида чиқиш қилган Доналд Туск разведка маълумотларига таяниб, Россия Украинага ёрдам кўрсатаётган давлатларга, жумладан Полшага қарши дрон ва ракеталардан фойдаланган ҳолда «гибрид ҳужумлар» режалаштираётган бўлиши мумкинлигини айтди.
Бироқ Туск бу маълумотни айнан қайси разведка хизматлари тақдим этганига аниқлик киритмаган.
Полша бош вазири янги ҳужум 1939 йил 17 сентябрда Совет Иттифоқи Полшага бостириб кирганининг 87 йиллигига тўғри келганига ҳам эътибор қаратди.
Полша мудофаа вазири Владислав Косиняк-Камиш эса Россияни Украинага қарши урушни кучайтиришда айблаб, Москва «тажовузкор ҳаракатларини тўхтатмаётганини» билдирди.
Бир ҳафта ичида иккинчи ҳужум
DW маълумотига кўра, бу Дорохуск–Ягодин чегара ўтказиш пунктига бевосита яқин ҳудудда бир ҳафта ичида содир бўлган иккинчи шундай зарбадир.
13 сентябр куни дронлардан бири чегара яқинидаги ёнилғи қуйиш шохобчасига зарба берган. Яна бир дрон Ягодин станциясида Киев–Варшава йўналишидаги йўловчи поезди локомотивига урилган.


















