Ўзбекистонда Lada XRAY Cross автомобилининг янгиланган, узоқ кутилган автомат трансмиссия ва янги двигатель ўрнатилган модели сотувга чиқарилди. Сўнгги тўрт йил ичида АвтоВАЗ янги моделлар эвазига ўзи ишлаб чиқараётган автомобилларида имиж ва сифат жиҳатидан улкан ўзгаришларга эришди. Бироқ мукаммаллик учун замонавий автомат узатмалар қутиси етишмай турганди.
Сўнгги чизгилар
XRAY Cross автомобилида Япониянинг Jatco компаниясида ишлаб чиқарилган автомат узатмалар қутиси (CVT) пайдо бўлгунига қадар, харидорларда механик қутидан ўзгасини танлаш имконияти йўқ эди.

XRAY Cross автомат узатмалар қутисининг муҳим хусусияти – икки поғонали планетар редуктор ва вариаторнинг (поғонасиз узатмалар қутисининг) уланишида. Поғонасиз узатмаларни алмашлаб қўшиш эгилувчан пўлат тасма билан уланган икки ёққа сурилувчи шкивлар (ғилдираклар) жуфтлиги ҳисобига амалга оширилади, яъни бошқа узатмага равон, силтанмасдан ўзгаради. Трансмиссия тўлақонли автомат ва вариаторнинг қайсидир маънода гибриди бўлганлиги сабабли, АвтоВАЗ комплектацияда оддийгина қилиб АТ белгисини кўрсатади. Мукаммал автомат узатмалар қутисидан (АКП) фарқли ўлароқ, CVT равонроқ ва жадалроқ (силтаниш ва узилишларсиз) тезланишни таъминлайди, анча тежамли ва шовқинсиздир.
XRAY Cross автомати билан бирга Nissan Tiida, Nissan Qashqai, Nissan Sentra, Nissan Juke, Renault Logan, Renault Kaptur, Renault Arkana каби автомобиллар жиҳозланган, ишончли ва кўпга чидайдиган Nissan HR16DE (H4M) двигатели қайтиб келди.
Renault-Nissan H4M-HR16DE двигатели ренолардаги K4M эволюциясидир. Мотор чакки эмас, бензин танламайди, газ тақсимлаш механизми тизимида қўлланилган занжир етарли даражада ишончли бўлиб, унинг тезда чўзилиши ва осилиб қолишидан хавотир олмаса ҳам бўлади. Газ тақсимлаш фазаларини ўзгартириш тизими мавжуд, фаза айлантиргич киритиш вали устига ўрнатилган, электрон дросселли тўсма қопқоқ қўлланилган.
Ушбу мотор LADA XRAY Cross автомобилида такомиллаштирилган бўлиб, унда тақсимлаш вали ўзгартирилди, ҳар бир цилиндрга энди иккитадан форсунка қўйилади, ёнилғи тежамкорлиги ошди, қувват бирмунча кўпайди, салт айланиш камайди, мотор Евро 5 талабларини бажарадиган бўлди ва бошқа, аҳамияти камроқ ўзгаришлар юз берди.















