Тошкент шаҳрида Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази Лутфий кўчасининг 2,4 километрлик қисмида микромобиллик воситалари учун алоҳида ҳаракатланиш йўлагини синовдан ўтказди.

Йўлак велосипедлар, электросамокатлар, электроскутерлар ва бошқа микромобиллик воситалари учун мўлжалланган.

Марказ маълумотига кўра, шахсий микромобиллик воситалари ва етказиб бериш хизматларидан фойдаланувчилар сони ортиб бормоқда. Улар учун алоҳида инфратузилма бўлмаган ҳолатда фойдаланувчилар қатнов қисмида автомобиллар, тротуарларда эса пиёдалар билан бир маконда ҳаракатланишга мажбур бўлади.

Турли тезликда ҳаракатланувчи оқимларни ажратиш мақсадида ташкил этилган янги йўлак транспорт ва пиёдалар йўналишларининг ўзаро кесишишини камайтиришга хизмат қилади.

Расмий маълумотда Лутфий кўчасидаги пилот лойиҳа ижобий натижа кўрсатгани таъкидланган. Янги ечим фойдаланувчилар учун қулай ва тушунарли бўлиб, шаҳар шароитида микромобиллик учун алоҳида инфратузилма яратиш имкониятларини баҳолашга ёрдам берган.

Келгусида бундай йўлакларнинг хавфсизлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилади. Йўл шароитидан келиб чиқиб, уларни автомобиллар ҳаракатидан махсус делинеаторлар, ажратувчи ва бошқа ҳимоя воситалари ёрдамида жисмонан ажратиш режалаштирилмоқда.

Бу микромобиллик воситалари фойдаланувчилари учун хавфсиз муҳит яратиш ва уларнинг транспорт оқими билан тўқнашиш хавфини камайтиришга қаратилган.

Лойиҳадан кўзланган мақсад автомобиллар қатнов қисмида, пиёдалар тротуарда, велосипед ва бошқа микромобиллик воситалари эса алоҳида хавфсиз йўлакда ҳаракатланадиган тизимни шакллантиришдан иборат.

Синов натижаларига кўра, Марказ мутахассислари айни пайтда пойтахтнинг шундай ечимни қўллаш мумкин бўлган бошқа кўча ва ҳудудларини ҳам ўрганмоқда.

Лутфий кўчасида орттирилган тажриба Тошкентда микромобиллик инфратузилмасини босқичма-босқич ривожлантиришда қўлланиши режалаштирилган.