15–20 сентябр кунлари Ўзбекистон делегациясининг Мисрга амалий ташрифи бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.
Ташрифдан кўзланган асосий мақсад Мисрнинг чўл ҳудудларини ўзлаштириш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва қурғоқчил ҳудудларда чорвачиликни ривожлантириш бўйича тажрибасини ўрганишдан иборат бўлди.
Ҳукумат вакиллари, фермерлар ва тадбиркорлардан ташкил топган 224 кишилик делегация Миср сув хўжалиги ва ирригация вазири Ҳани Сувейлим билан учрашди.
Музокараларда чўл ерларини ўзлаштириш, ер усти ва ер ости сувларидан оқилона фойдаланиш, сувни қайта ишлаш ва такрорий қўллаш масалалари муҳокама қилинди.
Делегация аъзолари Elsewedy Wataniya компаниясида замонавий пивот суғориш технологиялари билан танишди. Миср Қишлоқ хўжалиги илмий-тадқиқот маркази билан биргаликда мамлакатда етиштирилаётган серҳосил буғдой, маккажўхори ва чўл иқлимига мос гуруч навларини Ўзбекистон шароитида етиштириш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди.
Қоҳирада икки мамлакат қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари иштирокида B2B учрашувлар ташкил этилди. Уларда 400 нафарга яқин фермер, тадбиркор ва компания вакили қатнашди.
Тадбир иштирокчилари замонавий суғориш технологиялари, чорвачилик, озуқа базасини шакллантириш, агротехнологиялар ва инвестиция лойиҳалари бўйича тўғридан-тўғри ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилди.
Ўзбекистон вакиллари Мисрнинг «Мустақбал Миср» лойиҳаси билан ҳам танишди. Унинг мисолида чўл ерларини ўзлаштириш, сувни тежаш ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини йўлга қўйишнинг амалий механизмлари ўрганилди.
Миср қишлоқ хўжалиги ва мелиорация вазири Алаа Фаруқ билан учрашувда ушбу тажрибани Ўзбекистонда, хусусан, Навоий вилоятида қўллаш имкониятлари кўриб чиқилди.
Делегация Миллий сув тадқиқотлари маркази ва Қишлоқ хўжалиги илмий-тадқиқот марказининг тажриба майдонларида сув ресурсларини бошқариш, замонавий суғориш технологияларидан фойдаланиш ва турли экин навларини синовдан ўтказиш жараёнларини ўрганди.
Arco Seeds ва Elsewedy Wataniya компаниялари раҳбарлари билан музокараларда Миср тажрибасини Ўзбекистонга татбиқ этиш, яйловларни ободонлаштириш ҳамда чорва учун ем-хашак етиштириш ва сақлаш технологияларини жорий қилиш масалалари муҳокама қилинди.

















