Франция президенти Эммануэл Макрон Ню-Йоркда АҚШ президенти Доналд Трамп билан Россиянинг Украинага қарши уруши давомида энергетика объектларига зарбалар бериш бўйича мораторий жорий этиш ташаббусини муҳокама қилди.

Макрон бу ҳақда 21 сентябр куни X ижтимоий тармоғида маълум қилди.

«Биз Украинанинг энергетика ва фуқаролик инфратузилмасига зарбалар бериш бўйича мораторийга эришиш учун ҳам саъй-ҳаракатларимизни бирлаштирамиз. Тинч аҳоли ҳимоя қилиниши керак. Россия ва Украина ўртасидаги тинчлик шартлари бўйича жиддий музокараларни имкон қадар тезроқ бошлашимиз лозим», — деди Франция раҳбари.

Трамп билан учрашувдан кейин журналистларга гапирган Макрон томонлар Украинанинг мудофаа салоҳиятини кучайтириш зарурлиги бўйича якдил фикрга келганини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, Украинага Россиянинг ҳаво ҳужумларидан ҳимояланиш учун қўшимча тутиб қолувчи ракеталар етказиб бериш масаласи ҳам муҳокама қилинган.

21 сентябр куни кечқурун Ню-Йоркда Макрон ва Украина президенти Володимир Зеленскийнинг икки томонлама учрашуви ҳам бошланди.

Бундан олдин Зеленский америкалик қонун чиқарувчилар билан учрашиб, Россияга қарши кескин санкцияларни назарда тутувчи қонунни қабул қилгани учун уларга миннатдорлик билдирган.

«Мен санкциялар ишлай бошлашини истайман», — деди Украина раҳбари.

Ню-Йоркда 22–26 сентябр кунлари БМТ Бош Ассамблеясининг 81-сессияси ўтказилмоқда. Унда қарийб 130 нафар давлат ва ҳукумат раҳбари иштирок этиши кутилмоқда.

Зеленскийнинг 22 сентябр куни Доналд Трамп билан ҳам учрашиши режалаштирилган.