БМТ Бош Ассамблеясининг 81-сессияси 8 сентябрдан бошланган, 29 сентябрга қадар давом этади. Олий ҳафтада эса доимгидек аъзо мамлакатлардан президент, бош вазир, ташқи ишлар вазирлари ҳамда ҳукумат раҳбарлари қатнашади. Ўзбекистон номидан Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева БМТ олий минбаридан нутқ сўзлайди.

21 сентябр куни БМТ бош котиби кўплаб делегатлар қаторида Саида Мирзиёева билан ҳам учрашиб, мулоқот қилди. Даставвал администрация раҳбари йиллик сессия дафтарига имзо чекди, сўнгра эсдалик учун Гутерриш билан суратга тушди.

«Ўзбекистон ва БМТ биргаликда ривожлантириб келаётган барча ҳамкорлик йўналишларини гаплашдик», дейди Саида Мирзиёева ўзининг шахсий саҳифаларида.

Шунингдек, у хавфсизликнинг барча асосий жабҳаларида Ўзбекистонни қўллаб-қувватлаб келаётгани учун Гутерришга миннатдорлик билдирди.

Мирзиёеванинг нутқи АҚШ вақти билан 23 сентябрга тўғри келиши кутилмоқда. У Ню Йоркда қатор икки томонлама учрашувлар ҳам ўтказади.