«Buyuk Kelajak» эксперт кенгаши аъзоси Баҳром Исмоилов «Евросиё Иқтисодий Иттифоқи ҳақида 5 афсона» сарлавҳали мақоласини тақдим этди.

Россия Федерация Кенгаши спикери Валентина Матвиенконинг Ўзбекистонга ташрифидан сўнг экспертлар ҳамжамияти ўртасида Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқига кириш эҳтимоли борасида кенг мунозаралар бошланди.

ОАВ ва ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонга ЕОИИга аъзо бўлишда босим ўтказилиши мумкинлиги, иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан ҳам Ўзбекистон иттифоққа қўшилишдан фойда кўрмаслиги ҳақида изоҳлар пайдо бўлди.

Шу билан бирга, иттифоққа қиришга қарши чиққан экспертларнинг аксарияти ЕОИИ нима эканлигини ва унга кириш Ўзбекистонга нима беришини тўлиқ тушунишмайди. ЕОИИга йўл миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини оширишга ва фуқароларнинг, шу жумладан мамлакат ташқарисида меҳнат қилаётганларнинг фаровонлигини оширишга олиб келадими ёки иқтисодий ва сиёсий қулликками? Келинг, ЕОИИ ҳақидаги асосий афсоналарни таҳлил қилайлик.

Фото: Баҳром Исмоилов

1-афсона. ЕОИИда ҳамма нарсани Москва бошқаради

ЕОИИ - минтақавий иқтисодий интеграция халқаро ташкилоти бўлиб, унга Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия Федерацияси киради.

ЕОИИнинг бошқарув органи Евросиё иқтисодий иттифоқининг давлат раҳбарларидан ташкил топган Олий Евросиё иқтисодий кенгаши ҳисобланади. Барча қарорлар овоз бериш орқали, консенсус асосида қабул қилинади. Қабул қилинган қарорларнинг бажарилиши барча иштирокчи давлатлар учун мажбурийдир. Асосий тартибга солувчи орган - аъзо мамлакатларнинг ваколатли вакилларидан ташкил топган Евросиё иқтисодий комиссияси. Евросиё иқтисодий комиссиясининг асосий вазифаси Евросиё иқтисодий иттифоқининг фаолияти ва ривожланиши учун шарт-шароитларни таъминлашдан иборат. Евросиё ҳукуматлараро кенгаши ЕОИИ давлатларининг миллий ҳукуматлар даражасида ўзаро ҳамкорлигини таъминлайди.

EОИИга аъзо давлатлар ўртасида юзага келадиган барча низолар Минск шаҳрида жойлашган Евросиё иқтисодий иттифоқи судида ҳал қилинади.

Ҳар йили аъзо давлатлардан бири иттифоққа раислик қилади. Айни пайтда Арманистон 2019 йил 31 декабргача раҳбарлик қилмоқда. 2020 йилда раислик Беларусга ўтади.