Kun.uz таҳририятига жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2017 йил 24 августдаги ҳукмига асосан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми, 168-моддаси 3-қисми ва 28-211-моддасининг 3-қисми билан айбли деб топилиб, 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган ва ҳозирда жазони 42-сонли манзилли колонияда ўтаётган Элтазарова Сайёра Тожибоевнадан келиб тушган мурожаатда унинг жиноий қилмиши тергов ва суд органлари томонидан нотўғри малакалангани ҳақида баён этилади. 

«Ҳаёт инсонга бир бор бериладиган неъматдир. Инсон ҳуқуқлари ва қадр-қиммати энг олий қадрият сифатида эътироф этилаётган бир замонда, тергов ва суд органларининг бирёқлама қарашлари сабаб менинг ҳуқуқларим поймол этилди. Жиноят содир этганимни инкор этмайман, ҳар не бўлганда ҳам тақиқланган ишни қилиб, жиноятга қўл урдим. Бироқ мен содир этган жиноят учун 9 йил қамоқ жазоси берилиши бу адолатсизликдир. Терговчи ва судьяларнинг қатъиятсизлиги сабаб менинг қилмишларим ўта оғир жиноят сифатида малакаланди.

Тан олиб айтишим лозимки, бир неча эпизодларда фуқароларга олий таълим муассасасини битирганлиги тўғрисидаги сохта дипломларга, гарчи бунинг жиноий қилмиш эканлигини билсам-да фуқаро Р.А.нинг илтимосига кўра ҳар бирига 50 АҚШ доллари миқдорида ҳақ эвазига сохта ёзувлар киритиб берганман. Р.А.нинг ортида кимлар турганидан ва улар нима билан шуғулланишидан мутлақо бехабар бўлганман.

Алалоқибат, мен сунъий равишда, фақатгина ҳибсга олинганимдан сўнгина таниган одамлар билан жиноий гуруҳ аъзоси бўлиб қолдим. Уларнинг Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди ва 28-211-моддасининг 3-қисмига лойиқ жиноий қилмишларида менинг умуман иштироким бўлмаган бўлса-да, тергов ва суд буни инобатга олмади. Шу ўта оғир жиноят дея эътироф этиладиган моддаларнинг менга ҳам тиркалиши натижасида узоқ муддатга – 9 йилга озодликдан маҳрум этилдим. Ҳозирда қилмишимдан чин дилдан пушаймон бўлиб тавба қилмоқдаман. Адолат қарор топиб, менга асоссиз тиркалган машъум моддалар олиб ташланса умримнинг қолган қисмини оилам, фарзандларим, шириндан шакар набираларим бағрида ўтказсам дейман», дейилади мурожаатда.

Мазкур мурожаат доирасида дастлабки тергов ва суд процессларида С.Элтазарованинг ҳимоясини таъминлаган адвокат билан суҳбатлашдик. Унинг маълум қилишича, С.Элтазарова жами бўлиб 4та эпизодда расмий ҳужжат ҳисобланган турли олий таълим муассасаларининг қалбаки дипломларига сохта маълумотлар киритганини, мазкур ҳужжатларни қабул қилиб олган шахслар дастлабки терговда ҳам, судда ҳам берган ўз кўрсатувларида С.Элтазаровани умуман танимасликларини билдиришган. Тергов ва суд С.Элтазарованинг айбини малакалашда унинг ҳаракатларида 25,168-модда 3-қисми «в» банди ва 25,28,211-моддаси 3-қисми «б» бандида кўрсатилган жиноят аломатлари бор-йўқлигини текшириб кўрмасдан шу моддалар билан айбли деб топган. Қолаверса, жиноят ишида жиноий гуруҳ раҳбари дея эътироф этилган Ш.Ш.нинг С.Элтазаровани олдиндан таниши ҳақидаги ёки Ш.Ш.нинг пора беришга бирон бир шахсни далолат қилганлиги юзасидан С.Элтазарова билан келишиб олишганлиги ҳақидаги кўрсатувлари ҳам мавжуд эмас. Р.А. ҳам С.Элтазаровага қалбаки диплом учун пул бераётганида С.Элтазарованинг бирор мансабдор шахсга пора бериши кераклигини айтганлиги ҳақидаги кўрсатувлари йўқ.